Наманган вилоятида электр энергияси таъминоти бўйича 10 кунда 70 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди

Наманган вилоятида электр энергияси таъминоти бўйича 10 кунда 70 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди

Наманган вилоятида истеъмолчилар томонидан электр энергияси таъминоти бўйича шаҳар-туман тезкор диспетчерлик хизматларига 10  кунда 70 мингдан ортиқ телефон орқали қўнғироқ бўлган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси директори  Жаҳонгир Ризаев маълум қилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар беради.

Ризаевга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми Наманган шаҳри, Уйчи, Поп ва Чуст туманларига тўғри  келган.

- Кўпинча “электр тармоқлари идорасидаги диспетчерларнинг телефонлари атайин ўчириб қўйилади, ишламайди” деган эътирозларни эшитамиз. Бу эътирозларга ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар телефонлари ва мобиль алоқа орқали келиб тушган қўнғироқларни таҳлил қилдик. Уларнинг аксарияти албатта ўчиришлар ва авариялар билан боғлиқ. Об-ҳаво кескин совиб кетганини инобатга олиб, имкон қадар бу муаммоларни тезлик билан бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Ризаев.

 Таъкидланишича, вилоятдаги мавжуд электр қурилмаларининг 33 фоизи ёки 2055 та трансформатор пункти ва 8665 километр электр узатиш тармоғи 40 йил ва ундан кўп ишлаган. Ҳозирда уларни босқичма-босқич янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Журналист ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинишича,  вилоятга жорий йил 10 ойи давомида 2 900,6 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 410,5 миллион киловатт-соат ёки 16,5 фоизга кўп. Жумладан, аҳолига  300,3 миллион киловатт-соат ёки 88,6 миллиард сўмлик электр энергияси кўп етказиб берилган.