Наманганда фан олимпиадаси бошланди

Наманганда фан олимпиадаси бошланди

Маълумки, умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг республика босқичи физика, информатика, тарих бўйича Наманган вилоятида бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бугун 22 май куни мазкур фанлар бўйича олимпиаданинг республика босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали очилиш маросимидан сўнг олимпиаданинг 1-тури бошланди. Мамлакатимизнинг энг иқтидорли 111 нафар иштирокчилари қатнашаётган мазкур тадбирда Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти директори Умид Раҳмонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаевлар ўқувчиларга синовларда омад ва муваффақиятлар  тиладилар.

Тадбирда  бевосита Ўзбекистон – Корея халқаро университети ректори Парк Жун Хо ва муассаса профессор ўқитувчилари иштирок этиб, олимпиада жараёнларини юқори баҳолади. Ўқувчилар белгиланган аудиторияларда имтихонларга киришдилар. Физика фанидан   35, информатика  фанидан  34, тарих фанидан 42  нафар ўқувчилар учун Наманган муҳандислик-технология институтида ётоқхона, ошхона ва барча шарт-шароитлар яратилган.

Олимпиаданинг адолатли ва шаффоф ўтиши учун кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, тўғридан-тўғри трансляция узатилмоқда. Иштирокчиларнинг ота –оналари ва меҳмонларга жараёнларни кузатиш учун мониторлар ўрнатилган. Таъкидлаш жоизки, мазкур фан олимпиадасининг республика босқичида 7 та вилоят вакиллари қатнашмоқда.

 Наманган вилояти халқ таълими
бошқармаси Ахборот хизмат