Наманганда гулчиликни саноат даражасига кўтарса бўладими?

Наманганда гулчиликни саноат даражасига кўтарса бўладими?

Гулчилик санъатми, ишлаб чиқариш ёки ҳавас? Наманганда давом этаётган 60- Халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда бу саволларга бир қатор жавоб қайтарилгандай бўлди. У Сovid-19 пандемиясидан кейин қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва гулчилик бизнесини шиддат билан тиклаш бўйича инновацион стратегиялар» мавзусида ўтказилиб, иштирокчилар Ўзбекистонда гулчилик соҳасини янада ривожлантириш, ҳатто саноат даражасига кўтариш, янги гул ва манзарали дарахтлар турлари селекциясини кўпайтириш учун чет элдан интродукция қилиш ва келтирилган ўсимликларни муҳитга мослаштириш ишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Таъкидлаш лозимки, Наманганда айни йўналишдаги ишлар қамрови тобора кенгаймоқда. Масалан, ўтган икки йил ичида вилоят ҳокимлиги билан Наманган муҳандислик-технология институти ҳамкорлигида Нидерландия давлатидан 16 турдаги лола гул кўчатлари келтирилди ва маҳаллийлаштириш билан бир қаторда янги навларни яратиш борасида илмий-тадқиқот ишлари, агротехник тадбирлар олиб борилмоқда. Айни кунларда институтда «Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш» кафедраси ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 10 дан зиёд профессор-ўқитувчилар 130 нафар бўлажак мутахассисларга таълим бериб келишмоқда. Кейинги уч йил мобайнида 5 та дарслик ,3 та ўқув қўлланма, 10 дан зиёд монографиялар ҳамда 70 га яқин илмий мақолалар чет эл ва Ўзбекистон илмий журналларида чоп эттирилди. Олийгоҳ олимлари, шунингдек, умумий қиймати 720 млн. сўмни ташкил этадиган «Наманган шароитида ноёб орхидея гулини кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги лойиҳаси билан Инновация вазирлигининг грант лойиҳасига эгалик қилишмоқда. Бундан ташқари институтда илмий лаборатория ва иссиқхона қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Бир пайтнинг ўзида онлайн ва оффлайн шаклида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси профессорлари, АҚШ, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Нидерландия ва Малайзия каби давлатлардаги қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик ва кўкаламзорлаштириш соҳаларида фаолият олиб бораётган олимлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.