Наманганда илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли амалга оширилди

Наманганда  илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли амалга оширилди

Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари наманганлик шифокорлар билан биргаликда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ноёб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Вилоятда шу ҳафтанинг ўзида 4 та ана шундай мураккаб операциялар ўтказилиши белгиланган.

Бунга қадар буйрак трансплантацияси опарецияси юртимизда фақатгина Тошкент шаҳрида Республика шоишилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилар эди.

Дастлабки операция қарийб уч соат давом этди. Чортоқ туманининг Чорсу маҳалласида яшовчи 21 ёшли Дилноза Аҳмаджоновага онаси Ёқутхон Муталиева бир буйрагини берди. Энг муҳими, ҳар икковининг ҳам аҳволи яхши ва беморлар тиббий стандартлар асосида назоратга олинган.

 

Фото: ССВ Матбуот хизмати
- Буйрагим хасталиги учун етти ойлик фарзандимдан айрилдим, - дейди Д.Аҳмаджонова операциядан олдинги қисқа суҳбатда. — Яшашга бўлган умидим тобора сўниб бораётганди. Яхшиям юртимизда шундай малакали ва ўз ишига моҳир шифокорларимиз бор экан, яхшиям меҳрибон онажоним бор экан, бугун дардимга даво топишдан умидворман.

 Операция столига ётқизиладиган яна бир бемор поплик 30 ёшли темирйўл ишчиси Муҳриддин Маҳкамовдир. Қўқондаги темирйўлчилар поликлиникаси мурожаат қилганида унда буйрак шамоллаши аниқланган, аҳволи оғирлашиб бориб, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Фото: ССВ Матбуот хизмати
-  Бундай оғир ҳолатга қачонгача чидаш мумкинлигини ўйлаб, тушкунликка тушиб қолгандим, — дейди М. Маҳкамов. — Шундай кунларнинг бирида пойтахтлик жарроҳлардан буйрак кўчириб ўтказиш операцияси ҳақидаги  хушхабарни эшитдим. Акам Муроджон Маҳкамов бир буйрагини беришга рози бўлганида жигаримнинг меҳридан кўзим ёшланди.

Кейинги бемор Жавоҳир Эргашев ҳам жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрмоқда. Янгиқўрғоннинг Ғовазон қишлоғида яшовчи 24 ёшли бемор бир ярим йилдан бери гемодиализ аппаратига “боғланиб” яшаётган эди.

- Ҳафтасига 3 марта қонимни тозалатишга мажбур эдим. Икки кунда такрорланадиган бундай муолажа одамни эзиб юборади, – дейди Ж. Эргашев. – Яхшиям давлат томонидан бепул, беминнат хизмат кўрсатилади. Ниҳоят, қуриган буйрагим ўрнига соғломини кўчириш мавриди келиб қолди. Ким бундай инъомни менга лойиқ кўрганини айтсам, нақадар бахтли инсонлигимни англаб етсангиз керак.

Унга умр йўлдоши Наима Қаюмова бир буйрагини беришга қарор қилган. Жарроҳлик амалиётидан кейин ёш оила икки ёшли фарзанди Хушнудбек билан ширин турмушини давом эттиришни ният қилишган.

Фото: ССВ Матбуот хизмати

2017 йил 23 октябрда қабул қилинган “Буйрак ва жигар тўқималарини  трансплантация қилиш ҳақида”ги вақтинчалик Низомга мувофиқ тиббий амалиётнинг муваффақиятли ижроси ҳозиргача фақат пойтахт Тошкентда изчил таъминлаб келинаётган эди. Энди эса Наманганда ҳам бу жараён дадил бошлаб юборилди. Бир йўла учта буйрак  трансплантацияси амалиёти ўткзилди.

 

Фото: ССВ Матбуот хизмати

Бундан тўрт-беш йил муқаддам буйрак трансплантацияси мамлакатимизда ўтказиш учун шароитлар йўқ эди. Буйрак етишмовчилигидан озор чекаётган беморлар катта маблағлар эвазига хорижда даволаниб келишга мажбур эдилар. Бугун Наманганда оламшумул тиббий амалиёт ҳеч шов-шувларсиз ғоят муваффақиятли бажариляпти.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати