Наманганда шошилинч тез ёрдам замонавий кўмакка тайёр

Наманганда шошилинч тез ёрдам замонавий кўмакка тайёр

Халқимизнинг асрий орзуси ушалган кун – мамлакатимиз истиқлолга эришган қутлуғ сананинг ўттиз йиллиги тобора яқинлашмоқда. Республикамиз тарихида янги даврни бошлаб юборган унутилмас воқеа рўй берганидан буён диёримиз буюк келажак сари дадил одимламоқда. Айниқса, кейинги беш йиллик давомида эришилган оламшумул ўзгаришларни санаб адоғига ета олмайсиз. Янги Ўзбекистоннинг порлоқ истиқболига мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда. Буни барча жабҳалардаги ривожланишлар яққол тасдиқлаб турибди. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган изчил ислоҳотларнинг беқиёс самараларини алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Чиндан-да мустақиллик йилларида  тиббиётимиз ҳам жадал юксалиш йўлини босиб ўтди. Одамлар учун ғоят қулай ва мақбул бўлган бирламчи тизим такомиллашди. Жаҳон тажрибаси асосида  хизмат кўрсатадиган ихтисослашган тиббиёт  равнақ топди. Беморларнинг жонига оро кирадиган шошилинч тиббий ёрдам тармоғи шаклланди. Оналик ва болалик муҳофазаси, касалликлар профилактикаси ва жамоат саломатлигини таъминлашга хизмат қиладиган тузилмалар вужудга келди. Хусусий тиббиёт юқори суратларда ўсмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида элимиз аҳлига малакали ва самарали, халқаро андозалар даражасида хизмат қиладиган тизим яратилди.

Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Тиббий ислоҳотларнинг боришига танқидий баҳо берилиб,  одамларни  тўла-тўкис рози қиладиган даражада замонавий, тезкор, самарали ва натижадор механизмларни жорий этиш устида астойдил изланилмоқда. Қабул қилинган қатор-қатор Фармон ва Қарорларда белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросини таъминлашнинг изчил чоралари кўрилмоқда. Бу эзгу мақсадлар ижобати самараси ўлароқ тиббий  хизмат давр талабларига ҳамоҳанг равишда янги босқичга кўтариляпти, десак асло муболаға эмас.

Шошилинч тиббий хизмат тиббиётнинг муҳим тармоғи, ажралмас қисмидир. Туну кун тиним билмайдиган мазкур хизмат вакиллари ҳамиша инсон саломатлигини сақлашга, ҳаёт давомийлигини таъминлашга шай турадилар. Уларнинг фидойилиги, нажоткорлиги ва касбга садоқати туфайли ҳар онда, ҳар лаҳзада қанчадан-қанча юртдошларимизнинг омонлиги таъминланади, умрлари узайтирилади. Газетамизнинг бугунги сонида заҳматкаш тиббиётчилар иш олиб борадиган шошилинч тиббий хизматнинг мустақиллик йилларидаги тараққиётига назар ташлаймиз, эл саломатлигини сақлаш йўлидаги фидокорона саъй-ҳаракатлар, илмий изланишлар, истиқболдаги улуғвор режалар хусусида фикр юритамиз.

Дарҳақиқат истиқлол йилларида тиббииёт соҳасида юз берган муҳим таркибий ўзгаришлардан бири – бу шошилинч тиббий хизмат тизимининг вужудга келиши билан ҳам изоҳланади. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурининг амалга оширилиши натижасида мазкур тармоқ шакллантирилди. Вилоятимизда ҳам бу йўналишда муҳим қадамлар қўйилди. 1999 йилда собиқ вилоят кўп қиррали шифохонаси негизида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали ташкил этилган эди.

Ўтган давр мобайнида филиал  муттасил  ривожлантирилиб борилди, малакали кадрлар билан мустаҳкамланди, аҳолига ғоят тезкор ва юқори даражада шошилинч тиббий хизмат кўрсатишга қодир соғлиқни сақлаш масканига айлантирилди. Чунончи, хориждан энг замонавий ва юқори технологик тиббиёт асбоб-ускуналари олинганлиги, уларни самарали ишлата оладиган маҳаллий кадрлар тайёрланганлиги боис даволаш ва диагностика ишлари даражаси юксалиб борди. Германия, Япония ва бошқа давлатларнинг етакчи “Karl Storz”,  “Mercur”, “Drager”, “Dash omega”, “Beston Diskinson”, («Becton Diskinson»),  “PHILIPS”, “SIEMENS”ва бошқа машҳур фирмаларида ишлаб чиқарилган кўп турдаги аппаратура ва тиббий жиҳозлар келтирилганлиги фикримиз далилидир.

Дастлабки йилларда вилоят миқёсида жорий этилган лапароскопик, эндоскопик жарроҳлик амалиётлари соҳа ишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган муҳим қадамлар эди. Кейинчалик бу йўналишдаги ишлар муттасил давом эттирилди. Эндиликда нафақат пойтахтимизда, ҳатто хорижда ҳам қўлланилаётган мураккаб амалиётлар Наманганда ҳам ўтказиляпти. Қон-томир жарроҳлиги ва микрохирургияси, абдоминал жарроҳлик, лапароскопик , травматология ва нейрожарроҳлик соҳасидаги ўнлаб турдаги ноёб амалиётлар ҳозирга келиб филиал шифокорларининг доимий вазифасига айланиб қолган.

Албатта, соҳа ишини янада равнақ топтириш учун изчил изланиш ва жаҳон тажрибасини ўрганиш ҳамда қўлланиш зарур. Бу  борада ҳам астойдил фаолият олиб бориляпти. Россия, Украина, Туркия ва бошқа давлатларнинг етакчи тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги боис Наманганда таниқли мутахассислар иштирокида илмий-амалий анжуманлар ташкил этилиб, маҳаллий шифокорларнинг маҳоратини оширишга урғу берилди. Кейинчалик, наманганлик тиббиётчиларнинг хорижда малакасини ошириш, чет эллардаги нуфузли анжуманларда вакилларимиз иштирокини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинди.

Бугунга келиб чет элдаги ҳамкорлар билан биргаликда амалиёт йўналишлари янада кенгайган. Филиал мутахассисларидан 16 нафари  Германия, Англия, Япония, Туркия, ХХР, Польша, Россия ва Озарбейжон давлатларининг энг нуфузли клиникаларида тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этиш, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология, травматология, қон-томир жарроҳлиги ва бошқа йўналишлар бўйича малака ошириб қайтганлар. Хорижда орттирилган малака, тўпланган тажриба Наманганда изчил жорий этилмоқда.

Ёш ва интилувчан шифокор Сайдулло Шарифбоевнинг астойдил саъй-ҳаракатлари, Англия, Япония ва Россияда малака ошириш чоғида ўрганганлари, Япония гранти асосида энг замонавий нейроэндоскопик асбоб-ускунасининг олиниши баробарида вилоятимизда ғоят мураккаб жарроҳлик амалиётларини татбиқ этиш имкониятини яратганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Илмий-тадқиқот соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар қилинмоқда. Ҳозирда филиал  мутахассислари  шошилинч тиббий хизмат соҳасининг долзарб муаммоларига бағишланган бир қатор илмий изланишлар олиб боришяпти.

Мустақиллик йилларида шошилинч тиббий хизматнинг узвий қисми бўлган тез тиббий ёрдам хизмати ҳам ривожланганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур хизмат айни пайтда вилоятнинг бутун ҳудудини қамраб олган.  Наманган шаҳрида 1 та станция, унинг 7 та шохобчаси, 11 та туманда станция ва уларнинг 118 та ҳудудий таянч пунктлари  мавжуд. 200 дан ортиқ тиббий бригадалар кечаю кундуз хизматга шай бўлиб туришибди. Улар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида зарур чоралар кўрилаётганлиги янада эътиборга моликдир.

Аввало, автотранспорт парки янгиланмоқда. Илгариги “УАЗ”, “РАФ”,  “Дамас” санитар автомашиналари ўрнини энг замонавий “Toyota” “ Nissan”, “Hyundai”  “Собол”   каби  русумдаги автомашиналар эгалламоқда. Улар беморларга йўл-йўлакай ҳам тезкор тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган ЭКГ, дефибриллятор, кардиомонитор,  сунъий нафас олдириш аппарати, кислород жамланмаси  каби тиббиёт асбоб-ускуналар билан таъминланган. Тез тиббий ёрдам хизматни  ташкил этиш ҳам такомиллаштирилмоқда. Чақирувларни қабул қилиш 103 қисқа рақами орқали амалга оширилаётганлиги, тез тиббий ёрдам биригадаларига бириктирилган автомашиналарга JPS навигаторлар ўрнатилганлиги, дори-дармон таъминоти кескин яхшиланганлиги боис чақирувларга етиб бориш тезкорлиги ортди, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати яхшиланди.

Йиллар ўтиб филиал бино ва иншоотлари ҳам эскира бошлаган эди. Муассаса 2018    йилда Инвестиция дастурига киритилди. Катта ҳажмда реконструкция  ва қайта қуриш ишлари режалаштирилди. Пудратчи ташкилот томонидан олиб борилган қарийиб 48 миллард сўмлик бунёдкорлик ишлари ниҳоясида филиал қиёфаси тубдан ўзгарди. Янги лойиҳа асосида, давр руҳига ҳамоҳанг равишда иморатлар ташқи ва ички томонлари таъмирдан чиқарилди. Муҳандислик тармоқлари янгиланди. Қўшимча мажлислар зали қурилди. Даволанувчилар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам ҳар томонлама қулай ва шинам шароитлар яратилди.

Тиббиёт масканида ахборот-коммуникация технологияларини, янги инновацияларни татбиқ этиш, соҳа ишини рақамлаштиришга айниқса устувор вазифа сифатида қараляпти. Жумладан, филиал бўйича беморларнинг касаллик тарихларини ҳаракатлантиришда  “Аргомед” дастуридан самарали фойдаланилмоқда. Бу ходимлар вақтини тежаш, ортиқча қоғозбозликларга барҳам беришда ғоят қўл келаётир.

Бу янгиланишлар  пировардида даволаш ва диагностика ишлари тубдан такомиллашиб бормоқда. Айниқса, филиал ходимларининг касбий маҳорати билан бирга хизмат кўрсатиш маданияти ҳам ўсганлигини яққол кўриш мумкин. Дарддан халос бўлиб, оиласи бағрига қайтаётган беморларнинг эътирофлари бундан яққол дарак беради.

- Мен саломатлигим ёмонлашганлиги сабабли даволанишга мажбур бўлдим. Кардиология бўлими шифокору ҳамширалари, кичик тиббиёт ходимларининг фидойилигига, ўз касбига садоқатига, беморларни меҳр билан парваришлаётганлига тасаннолар айтса арзийди. Қолаверса, бу ердагидек юксак маданиятни бошқа жойларда кўрмаган эдим. Айниқса, таъмирлашдан кейин бинолар жуда ҳам кўркамлашиб кетибди. Халқ учун ғамхўрлик қилаётган давлатимизга мингдан-минг раҳмат,-дейди Поп тумани Янгиобод қишлоғида яшовчи Ваҳобиддин Нурматов.

 Бундай эътирофларни кўплаб беморлардан ҳам эшитдик. Зеро,  самимий  дил изҳорларидаги миннатдорчиликлар эл саломатлиги йўлида енг шимариб хизмат қилаётган  саломатлик посбонларининг меҳнатларига берилган муносиб баҳо десак, янглишмаган бўламиз.

- Халқимизга давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талаблар даражасида хизмат қилишга эришиш кўпминг кишилик жамоамиз аҳлининг эзгу мақсади,- дейди РШТЁИМ вилоят филиали директори Аброржон Алижонов.  – Зиммамиздаги бурчни чуқур англаган ҳолда, ҳамжиҳатлик билан ишлаб, эл саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун интиляпмиз. Биламиз, хали жуда ҳам кўп иш қилишимиз керак. Илмий салоҳиятни ўстириш, шошилинч тиббий хизмат даражасини янада юксалтириш, одамларнинг фаолиятимиздан розилигига сазовор бўлишимиз лозим. Бугунги саъй-ҳаракатларимиз ана шу улуғвор вазифалар ижросига йўналтирилган.

Биз ушбу мақолада шошилинч тиббий хизматнинг айрим қирраларига эътиборингизни тортдик, холос. Аслида, филиал аҳлининг истиқлол йилларидаги  ибратли ишлари, қўлга киритган ютуқлари бундан ҳам  кўп. Деярли ҳар лаҳзада шифокору ҳамширалар, ёнларида елкама-елка туриб хизмат қилаётган инсонлар кеча-ю кундуз матонату жасорат кўрсатишади.Уларнинг фидокорона меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Эл  соғлиғини янада мустаҳкамлаш учун интилаётган саломатлик посбонларига ҳамиша омадлар ёр бўлсин!

                                                                                           Абдулла ҒОЗИЕВ.