Наманганда ўргатувчи уста бўлган аёлга «Нексия-3» совға қилинди

Наманганда ўргатувчи уста бўлган аёлга «Нексия-3» совға қилинди

Бугун ҳар бир соҳа ўз фаолиятига янгича қараш билан муносабатга бўлишга мажбур. Чунки жамиятдаги ислоҳотлар, инсон омилига бўлган кучли эътибор шуни тақозо этаётир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши ҳам ана шундай мақсадда иш ташкил қилиб, шу йилнинг 16-18 март кунлари Марказий кенгаш раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятида ўрганишлар олиб борди.

Қувонарлиси, ташкилотнинг вилоят кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, инфратузилмаларини ва моддий-техник базасини яхшилаш, уларни замонавий кўринишга келтириш, техник ва амалий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича жозибадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса ёшлар ва муҳтож оилаларнинг фарзандларини меҳнат бозорининг турли ва талабгор касбларга тайёрлайдиган қўшимча ўқув курсларини ташкиллаштириш масалалари бўйича Наманган шаҳри, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Янгиқўрғон, Наманган, Тўрақўрғон ва Чуст туман ЎСТКлари ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида олиб борилаётган амалий ишлар билан танишган ишчи гуруҳни эришилаётган натижалар мамнун этди. Ўз навбатида, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. 

Ўрганишлар давомида Марказий кенгаш раиси Хусан Батиров ташкилот раҳбарлари ва ишчи-ходимлар, спорт мураббийлари, спортчилар билан юзма-юз мулоқот қилди. Уларнинг ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини тинглади, зарур тавсияларни берди.

Самимий учрашувлар тантанали тадбирларга уланди. Жумладан, Кенгаш раиси Поп туман ўқув спорт техника клубининг кадрлар бўйича инспектори М Мақсудовани таваллуд куни билан табриклаб, унга эсдалик совғасини топширди. Учқўрғон ва Наманган туман ЎСТКлардаги ёш умидли спортчилар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди. Айниқса, Норин туман ЎСТКда  фаолият юритиб келаётган автомобилни амалий бошқариш бўйича ўргатувчи уста – Муқаддамхон Султоновага янги автомобиль – «Нексия-3» (RAVON R3) ўқув автомобилининг тантанали тарзда топширилиши барчанинг қалбига байрамона кайфият улашди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.