Наманганлик қиз ҳам Президент, ҳам ал Хоразмий номидаги мактаб синовидан ўтди

Наманганлик қиз ҳам Президент, ҳам ал Хоразмий номидаги мактаб синовидан ўтди

Дилнура Бурҳонжонова. Бу қизалоқ ёш бўлишига қарамай бугун ўз истеъдодини намоён қилишга, эл оғзига тушишга улгурди. У ҳозирда Наманган шаҳридаги 58-ДИМИнинг 4-синфида таҳсил олади. Мактабда аъло ўқиши, намунали ҳулққа эга бўлиш билан бирга бўш вақтларида бадиий гимнастика спорт тури билан шуғулланади, шунингдек,  ментал арифметика тўгарагига ҳам иштирок этади.

Ёш истеъдод соҳибаси 2018 йилдаёқ “Йилнинг энг фаол ўқувчиси” номинацияси ғолиби бўлган.

2019 йилда эса мактаб маъмурияти томонидан  аъло ўқиши ва намунали ҳулқи учун мақтов ёрлиғи билан тақдирланган.

2019 йил 24 февраль куни Тошкент шаҳрида ўтказилган бадиий гимнастика бўйича турнирда фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби фаҳрий ёрлиқлари билан бир неча бор тақдирланди.

2019 йил 27 апрелда Наманган шаҳар халқ таълими бўлими томонидан ўтказилган иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларнинг “Мен юлдузман” кўрик-танловида “Амалий санъат” йўналиши бўйича фаол иштирок этди.

Шу йили 5-6 сентябрь куни Наманган давлат университетида ўтказилган тадбирда фаол иштироки учун ташаккурнома билан тақдирланди. 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ментал арифметика”  бўйича очиқ олимпиадада, 17 ноябрь куни Чуст шаҳрида ўтказилган “Ментал арифметика” олимпиадасида фаол иштирок этган бўлса, 2020 йил 29 сентябрь куни Андижон шаҳрида ўтказилган “Ментал арифметика” бўйича очиқ олимпиадада фахрли 1-ўринни, 15 октябрь куни Наманган шаҳрида ўтказилган “Ментал арифметика” бўйича очиқ олимпиадада фахрли 2-ўринни эгаллади. 30 октябрь куни эса Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ментал арифметика”  бўйича очиқ олимпиадада фаол иштирок этди.

Бугунги кунга қадар барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, жорий йилда яхши ниятлар билан Наманган шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган IT мактабига ҳужжат топширган эди. Якуний натижаларга кўра, Дилнура ҳар икки мактабга қабул қилинди.

Дилнуранинг ушбу ютуқларида Наманган шаҳридаги 58-ДИМИдаги устозлари ҳамда онаси Наманган давлат университети математика кафедраси ўқитувчиси Дилноза Маҳмудованинг ҳиссалари беқиёс. Дилнурани олдинда ҳали кўплаб ютуқлар, муваффақиятлар кутиб турибди. Зеро ўқиган, илмга интилган инсон ҳамиша ҳаётда ўз ўрнини эгаллайди.   

Санжарбек ҲАМИДОВ.