Наманганлик 102 ёшли Қундузхон ая сайловда овоз берди

Наманганлик 102 ёшли Қундузхон ая сайловда овоз берди

Барча юртдошларимиз қатори Наманган тумани Қумқўрғон маҳалласи аҳолиси ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 3-сонли умумтаълим мактаби биносида жойлашган 300-участка сайлов комиссияси куннинг иккинчи ярмида ҳам сайловчилар  билан гавжум бўлди.

Шу маҳаллада яшовчи Қундузхон ая Розиқова бу йил 102 ёшни қарши олдилар. Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган пиру-бадавлат онахоннинг атрофида 45 набира, 90 дан ортиқ эваралар парвона. Аянинг ўртанча ўғли Ҳусанбой отанинг ҳам ёши 70 дан ошди.

Қундузхон ая Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўзи танлаган номзод учун овоз берди. Бунинг учун 300-участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма қути билан ёши улуғ сайловчи истиқомат қилаётган хонадонга ташриф буюрдилар.

Албатта, 102 ёшда эртанги кун тақдири, Ватан тараққиёти учун дахлдорлик ҳиссини туйиб, ўз фуқаролик ҳуқуқидан унумли фойдаланаётган Қундузхон ая каби нуронийлар нафақат хонадонларимиз, балки эл-юртимиз файзи, дуогўйларимиз саналади. Уларнинг фаоллиги сайлов жараёнида барчага намуна мактабини ўтади.

Санжарбек ҲАМИДОВ, 6-Наманган округ
сайлов комиссияси матбуот маркази ходими