Наманганлик энг яхши фан ўқитувчиси

Наманганлик энг яхши фан ўқитувчиси

Янги Наманган тумани халқ таълими бўлимига қарашли 35-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бў­йича директор ўринбосари Нозима Юлдашева педагоглик фаолияти давомида эришган ютуқлари боис ана шундай эътирофга сазовор бўлган. Чунки у 190 дан ортиқ кўргазмали қуроллардан маҳорат билан фойдаланиши натижасида ўқувчиларида ўзлаштириш самарадорлигининг ўсишига эришмоқда.

Нозима 1987 йилда Чуст туманида туғилган. 2010 йилда Тошкент давлат педагогика институтини она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тугатган. Меҳнат фаолиятини шу йили Чуст туманидаги 10-умумтаълим мактабида бошлади. Тўрт йил унинг ўқувчилар қалбига кириб бориши, дарс ўтиш маҳоратини маълум маънода эгаллаши учун етарли бўлди. Жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга интиладиган қаҳрамонимиз 2012 йилда "Йил аёли" миллий кўрик-танловининг ғолибига айланди.

2014 йилда уни Наманган шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактабига ишга таклиф этишди. Бу даргоҳдаги икки йиллик фаолияти жуда қисқа бўлса-да, муваффақиятларининг кўлами кенг бўлди.

Жумладан, 2014 йилда "Маънавият маликалари" кўрик-танловида I-даражали диплом билан тақдирланди. Янги педагогик технологиялардан фойдаланиб ўқувчи-ёшлар ўртасида тарғибот ишларини олиб бориши, таълим муассасасида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш орқали ўқувчиларнинг билим сифатини кўтариш устида илмий-услубий изланишлар олиб бориши билан ҳамкасблар ўртасида эътибор қозонди. Жуда кўп бор анъанавий август кенгашларида инновацион иш тажрибаси ва таълим тизимидаги ислоҳотларни тарғиб этувчи маърузалари учун фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Нозима Юлдашева - ижодкор ўқитувчи. 2015 йилдан буён унинг турли мавзулардаги мақолалари вилоятдаги даврий нашрларда мунтазам нашр этиб келинаётган бўлса, биргина 2018-2019 йилларда "Умумутаълим фанларини ўқитишда инновацион методикалар" мавзусидаги туркум мақолалари йигирмага яқин халқаро ва республика миқёсида чоп этиладиган журналлар саҳифаларидан ўрин олган. Шу йилларда у қадрдон таълим даргоҳида "Қиз боланинг одоби - унинг бахти" мавзусида амалий семинар ташкиллади ва у соҳа мутасаддилари томонидан юқори баҳоланганини ҳалигача кўпчилик мамнуният билан эслайди, эътироф этади.

Изланишдан тўхтамайдиган қаҳрамонимиз 2020 йил 30 апрелда "Тенденции и перспективы развития науки и образования в условиях Глобализации" номли халқаро (Украина) анжуманда 1-ўринни олди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 11 майда "Таълим-тарбия жараёнини ривожлантиришда илм-маърифатнинг ўрни" анъанавий республика илмий-амалий (онлайн) конференцияда, 25 майда эса Наманган давлат университетида бўлиб ўтган "Янги Ўзбекистонни қуриш ва ривожлантиришда ёшлар фаоллиги" мавзусидаги IV-онлайн анжуманда фаол иштирок этди.

Шунингдек, Н. Юлдашева 2021 йилда "Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёти ва ижоди" мавзусидаги мақоласи учун "Ижодкор ўқитувчи" республика илмий-услубий журналининг сертификати билан, "Республика филологлари" канали томонидан ўзбек тили нуфузини ошириш ҳамда давлат тилини янда кенгроқ тарғиб қилиш, ўзбек тилида хатосиз ёзишга ундаш мақсадида ташкил этилган "Энг яхши она тили ўқитувчиси" танловида, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида ўзининг ижод намуналари билан муносиб иштирок этгани ҳамда кўрсатган фаоллиги учун дипломлар билан тақдирланди.

Фақат бугина эмас, Нозима 2020-2021 ўқув йилида ўзининг таълим соҳасида эришган ютуқларини тарғиб қилиш бўйича "Намунали ўқитувчи-2021" республика онлайн танловида дипломга сазовор бўлди. У соҳа вакиллари ўртасида оммалашган "Меҳрим чексиз, устозим" каналининг ҳам фаол иштирокчиси саналади. Ушбу каналнинг бир қатор сертификатларини қўлга киритган.

Нозима - бахтиёр она. Қизалоғи Жасминада ўзининг болаликдаги шижоати ва беғуборлигини кўради. Унинг тарбиясида волидаси Фотимахон аядан андоза олишга ҳаракат қилади. Пазандалиги билан элга танилган Фотима ая уч қизининг ўз касби, ҳунари ортидан саодатли эканидан қувонади. Тўнғичи Наргизахон моҳир тикувчи, ўнлаб аёлларни иш билан таъминлашга эришган тадбиркор ҳам. Ўртанча қиз Нилуфархонни Чуст дўппиларининг моҳир тикувчиси сифатида танишади. Нозима - бу қўли гул қизларнинг кенжаси.

Нозиманинг фаолияти билан танишар эканмиз, жамоадошлари унинг қизалоғи Жасминанинг истеъдоди, ўткир зеҳни ҳақида ҳам гапириб қолишди. Албатта, талабчан онанинг қизи бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

- Қизим Жасмина Усмонжанова Наманган шаҳридаги "International school" мактабининг 1-синфида таҳсил оляпти, - дейди Нозима. - У рус, инглиз, араб тилларини чуқур ўрганиш баробарида санъатга ҳам қизиқади. Шу пайтгача қатор нуфузли танловларда юқори ўринларни эгаллади.

Қўлимизда бир даста диплом ва сертификатлар. Уларнинг барчаси жажжи Жасминага тегишли. Унинг айримларини келтириб ўтсак. Бири шу йил "Self school" тест маркази томонидан ўтказилган республика онлайин олимпиадада она тили фанидан 100 балл олгани учун берилган диплом бўлса, яна бири худди шундай олимпиадада математика фанидан 100 баллик натижани қўлга киритганининг ифодаси. Инглиз тили бўйича олимпиадада ҳам у муносиб тақдирланган. Санъатнинг рақс йўналишига қизиқиши эса қизалоқ иқтидорининг яна бир қирраси борлигини кўрсатади.

Касбини жон-дилдан севувчи Нозима Юлдашева ҳаётни қадрлайдиган аёл. У барча ҳаракатларини, меҳнатларини ўзидан яхши ном, ёруғ из қолдириш мақсадида қилаётганини таъкидлайди. Эзгу ният-мақсадларининг кўплиги уни ҳали жуда кўп муваффақиятларга эришишидан далолатдек. Илоҳим, шундай бўлсин. Зотан, Нозима каби уйғоқ қалбли педагогларнинг борлиги бахт­дир!

Гулбаҳор МУҲИТДИНОВА