Наманганлик Мухтасар «Токио-2020»да иштирок этади!

Наманганлик Мухтасар «Токио-2020»да иштирок этади!

«ВАТАНПАРВАР»ДА ЧИНИҚҚАН ОЛИМПИАДАЧИ!

Спорт нафақат мамлакат довруғини жаҳонга ёяди, балки ўша юрт инсонлари қалбига чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини ҳам бахш этади. Нуфузли спорт мусобақаларида ватандошлари ғалабасини зўр қувонч билан нишонлашга одатланган ҳамюртларимизга бундай лазиз ҳислар ва ёқимли лаҳзалар сурури нотаниш эмас.

Яқинда “Токио-2020” Олимпия ўйинларига пневматик милтиқдан ўқ отиш дастурларида 10 метр масофада ва учта позициядан 50 метр масофада милтиқдан ўқ отиш мусобақасида юқори балл тўплаб, олимпиада лицензиясини қўлга киритган наманганлик Мухтасар Тохированинг ғалабаси ҳам қалбларимизда ана шундай фахр уйғотгани, шубҳасиз.

Мухтасар – “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тарбиялаган умидли спортчилардан бири. У бу борадаги илк сабоқларни ўқ отиш спорт секциясида мураббий М.Б.Кондакова раҳбарлигидаги машғулотларда олган. 2010 йилдан – ўн ёшидан бошлаб 9 йил давомида спортнинг ўқ отиш тури билан жиддий шуғулланган Мухтасар Тохирова катта муваффақиятларни қўлга киритди.

2014-2018 йилларда Тошкент, Навоий, Бухоро шаҳри ва вилоятларида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақаларида, шунингдек, Германия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатларида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳсларида ва халқаро турнирларда 17 марта ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди, кўксини олтин, кумуш ва бронза медаллари тўлдирди.

Мерган қиз - Мухтасар лицензияни қўлга киритиш даврида ҳам астойдил ҳаракат қилди.  Хусусан, 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юқори натижани қайд этди. Бу йил ҳам Қозоғистонда ўтган халқаро мусобақада 10 метр масофада кечган дастурда ғалаба қозонди.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт                      Университети талабаси бўлган Мухтасар Тохирова 2015 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

- Спортчининг ҳар бир ғалабаси унинг бир ўзиники ҳисобланмайди, - дейди Мухтасар. – Бунинг замирида мураббийларнинг тинимсиз меҳнати, заҳмати ётади. Токиода жорий йилда бўлиб ўтадиган олимпиадада қатнашиш учун лицензияни қўлимга олган лаҳзаларимда менга 9 йил давомида ўқ отишнинг барча сир-асрорларини қунт билан ўргатган “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорт секцияси жамоаси, айниқса, мураббийим М.Б.Кондакованинг талабчанлиги, маҳорати кўз олдимда яна бир бор намоён бўлди. Ғалабаларга эришишимиз учун биз спортчиларга барча шарт-шароитларни яратиб берган, юрагимизда спортга бўлган муҳаббатни тобора кучайиши йўлида сидқидил меҳнат қилган устоз-мураббийларим ишончини оқлашга сўз бераман!

Албатта, спортчи юрагида халқ ишончи, елкасида юрт шарафини кўтариб юради. Бу борада катта ғалаба олдида турган Наманган қизи Мухтасар Тохировага омад тилаймиз ва олимпиадада ўзбек қизларининг мерганлигини бутун жаҳонга муносиб исбот этишига ҳам ишонамиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ.