Наманганнинг қаҳрамон аёли

Наманганнинг қаҳрамон аёли

Лавҳа

Ёхуд ҳаммага керакли одам

1941 йил. Тўсатдан бошланган Иккинчи жаҳон урушининг совуқ нафаси юртдошларимиз кўнглига ҳам хавотир ва ҳадик солиб улгурган, ногаҳон дарвозани чертган қишлоқ совети ёхуд ҳарбий комиссариат кишисининг ташрифидан юраклар зада бўла бошлаган эди. Чунки уларнинг қўлларида кўпинча чақирув қозоғи бўлар эди...

Шу бир парча қоғоз кўпларнинг қисматини тайин қилиб қўярди. Урушга кетаётганлар билан видолашув онлари юракларни зардобга тўлдирарди. Бироқ Наманган шаҳридаги янги оиланинг шу кунларда ҳаяжони бошқача эди. Улар фарзанд кутишарди. Йигит ота бўлишини ўйлаб, тушларида ҳали туғилмаган гўдагини кўрар, келин эса қўшни аёллардан эшитгани - тўлғоқ ва туғруқ азобларини ўйлаб, бироз қўрқарди...

Кун келдики, аёлни дард тутди. Қизалоқ туғилди. Унинг жарангдор овози ҳовлини тутди. Шукр, она боласини эсон-омон бағрига босди. Лекин отага интиқиб кутган дилбандининг ёқимли ҳидига тўйиш, уни эркалаш, улғайишини кўриш, қилиқларидан завқланиш насиб этмади. Бунга имкон бермадилар. У бу лаҳзаларни кейинчалик қайта-қайта туш кўрадиган бўлиб қолди. Ҳа, унга ҳам чақирув қозоғи келган, жанг майдонлари уни чорлаётган эди!

Йигит олис ўлкаларда душманга қарши курашар экан, бир хат олди. Унинг ҳазин жилмайиши сабабини сўраган қуролдошларига жавобан: “Ота бўлибман...”, - деди бўғзига нимадир тиқилган кўйи...

Шу онда у балки дийдор қиёматга қолиши, умри мана шу жанггоҳларда ниҳоя топишини сезган эдими, юраги увишаётганини дўстларига сездирмасликка ҳаракат қилган эди...

Турсуной. Уни ҳам қаттиқ синовлар кутаётганини ҳис этиб турарди. Яратгандан умр йўлдошини оиласи бағрига эсон-омон қайтишини, дайди ўқлардан Ўзи асрашини тинмай сўрар, боласини эмизган пайтларда кўз ёшлари гўдакнинг лўппи юзчаларига томар, ҳали ҳеч нимани тушунмаган қизалоқ волидаси юзига ҳайрат билан боқарди...

Турсуной тезда ишга қайтди, замон шуни талаб қиларди. Шаҳардаги 6-сонли тўқувчилик фабрикаси тез орада иш ҳажмини кескин кўпайтирди. Фабрикада моторист бўлиб ишлаётган 21 ёшли Турсуной меҳнати қанчалар оғир бўлмасин чидашга, қизчасини очликдан, иссиғу совуқдан асрашга ҳаракат қиларди. Ўша пайтларда аёлларнинг ҳар куни катта бир синов эди. Ҳам тирикчилик, ҳам тириклик ташвиши кўпларнинг қаддини букиб қўя бошлади. “Ҳамма нарса фронт учун!” деган шиор замиридаги тинимсиз меҳнат, тўйиб овқат емаслик, юпунлик шаҳар аҳлининг тобора тинкасини қуритарди...

Уруш тугади. Майиб-мажруҳ бўлса-да, оталар, ака-укалар, ўғиллар, эрларнинг уйга қайта бошлагани одамлар кўнглига умид чироғини ёқди. Ҳар замонда бир келган хатдан куч олиб яшаётган Турсунойнинг кўзи остонада бўлди. Тунлари қўрқса-да, дарвоза зулфинини солмас, эри қайтиб қолса, гўёки эшик берк бўлса, эри яна ортига қайтиб кетиб қоладигандек туюларди унга. Аммо эрининг қисматида оиласи бағрига омон қайтиш ёзилмаган экан...

Уруш тугади. Ҳаёт яна ўз изига тушгандек бўлди. Эрининг урушда ҳалок бўлгани ҳақида хабарни эшитган Турсуной анча вақтгача ўзига келолмади. Аммо бу ҳаёт, яшашда давом этиши, фарзандини оёққа қўйиши керак эди. Уни қайта турмуш қуришга кўндирдилар...

Эру хотин урушдан кейинги қаҳатчилик йилларини елкама-елка туриб, бир-бирларига суянч бўлиб енгиб ўтишди. Бу оилада яна фарзандлар дунёга келди. Уларга Буойшахон, Муҳаббатхон, Равшаной дея исм қўйдилар. Ҳар бири билан боғлиқ ойдин орзулар қилдилар. Не бахтки, ота-онага қизларнинг камолини, тенгиларини топиб, ўзларидан кўпайганини кўрмоқлик насиб этди. Ота 72 ёшда, Турсуной ая 70 ёшга боқий дунёга рихлат қилдилар.

Ойшахон табиатан дадил, изланувчан қиз эди. Ўз олдига болаликдан қўйган мақсади – аёллар шифокори бўлиш орзусига эришиш учун астойдил ҳаракат қилди. Бироқ бу истагига онаси ва бувиси қаттиқ қаршилик қилди. Ўқиди, мактабни тамомлаб, онаси ва бувисидан яширинча дугоналари билан Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшириб келди, имтиҳонларни ҳам шу тариқа топширди. У пайтларда имтиҳонлар рус тилида топшириларди, Наманган шаҳрининг соддагина қизи Ойшахон куну тун рус тилини мукаммал ўрганишга киришди. Меҳнатлари зое кетмади - талаба бўлди.

1964 йилда врачлик дипломи билан она шаҳрига қайтди. Икки йил давомида 2-шаҳар шифохонасида терапевт мутахассислиги бўйича интернатура ўтади. Кейин 1966 йилдан то 1984 йилга қадар шаҳардаги 2-туғруқхонада врач акушер-гинеколог бўлиб фаолият юритди. Бу йиллар унинг учун чинакам тажриба мактаби бўлди. Ўз ишига садоқати, ҳалоллиги, ширинсуханлиги боис эл аро обрў топди, “қўли енгил доктор” сифатида танилди.

1984-1986 йиллар давомида       вилоят туғруқхонасининг 1-акушерлик бўлимини бошқарди. Бўлим мудирлигидан туғруқхонанинг даволаш ишлари бўйича бош врач муовини вазифасига кўтарилди. Бу лавозимда 1992 йилга қадар иш олиб борди. 1992 йилдан 2003 йиллар давомида эса вилоят туғруқхонаси бўлимларида бўлим мудири, 2003-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти Наманган филиали гинекология  бўлими мудири, ОПБ врач ординатори сифатида эл соғлиги йўлида самарали ва сидқидил хизмат қилди.

Бу йиллар шунчаки ўтмади, меҳнат дафтарчасига шунчаки қайд этилмади. Наманган Ойшахон Қўчқорова деган зўр акушер-гинекологи билан фахрланса арзийдиган бўлди, опанинг қўлида минглаб гўдаклар соғ-омон дунёга келди, аёллар оналик бахтига мушарраф бўлди. Қанча-қанча қизалоқларга орзу-ҳавас ва миннатдорлик ила унинг исми қўйилди.

Бу эътирофу эҳтиромлар, чин дилдан қилинган дуолар беиз кетмади. 1996 йилда Ойшахон Қўчқорова Президент Фармонига биноан, “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлди. Кўксини олтин юлдуз безади!

Айни шу лаҳзаларда уни таниган-билганлар, ҳамкасблари, шогирдлари ҳалоллик, касбга садоқат қандай қудратли куч эканини чин қалбдан англадилар. Қалблар ҳавасдан тўлқинланди.

    Наманган вилоят туғруқхонасида узоқ йиллар меҳнат қилган, фаолияти мобайнида она ва бола саломатлигини асрашдек масъулиятли ишни сидқидилдан бажарган бу аёлни барча бирдек қадрлайди.

Опанинг оиласига ҳам ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Турмуш ўртоғи Маҳмуджон Аҳадов билан институтда танишишган. Раҳматли қайноталари Аҳаджон тўра ўқимишли аёлларни ҳурмат қилгани учун бу никоҳни қўллаб-қувватлаган.

Маҳмуджон Аҳадов  Наманган  вилоятининг  етук  жарроҳи  бўлиб,  кўп  йиллар  вилоят  шифохонасида бош  жарроҳ  бўлиб  ишладилар. Икки овсин, икки қайинсингил, қайинака ва укаларининг ҳурматини жойига қўйгани учун улар ҳам Ойшахон “дўхтир  аёл”ни чексиз ҳурмат қилишарди. “Ҳеч қачон кирларини охиригача ювмаганман, энди кирга ўтирсам, “Тез тиббий ёрдам” машинаси келарди, оғир шаҳар ва тумандаги аёлларга зудлик билан тиббий хизмат кўрсатиш учун олиб кетарди”, - дер эдилар опа келинлик йилларини хотирлаб. 

Чунки ўша вақтда Ойшахон Қўчқаровадек моҳир акушер-гинеколог, жарроҳ бўлмаган. Қаҳрамон устозимиз уч фарзанднинг бебаҳо онаси. Ўғиллари  Баҳодир ва Жаҳонгир Аҳадовлар – муҳандис. Ягона қизлари Гулузра Аҳадова ота-онасининг касбини эгаллаб, врач акушер-гинеколог сифатида марказий туғруқхонада ишлади. 2003-2007 йилларда Тошкент Акушерлик ва гинекология илмий амалий марказига аспирантурага ўқишга кирди, 2007 йилда муваффақият билан номзодлик диссертациясини ёқлади. Икки нафар фарзанднинг онаси Тошкент ва Наманган акушер-гинекологлари ўртасида катта ҳурматга сазовор бўлди. Афсуски, 2010 йилда бахтсиз ҳодиса - автоҳалокат натижасида Гулузра ҳаётни бевақт тарк этди...

Тақдирнинг бу оғир зарбасига матонат билан чидаган Ойшахон опа ҳақиқий ўзбек аёли тимсоли. Наманганда юзлаб акушер-гинекологлар мактабини яратган аёл. Рус устозилардан ўрганган энг қийин жарроҳлик амалиётларини куч ва билимини аямай барча  шогирдларига  ўргатди. У каби мукаммал  касаллик тарихларни тўлдирган врач бўлмаган. Фан номзодлари, бош врачлар, бош акушер-гинекологлар бўлган шогирдлари бутун МДҲ давлатлари ва Ўзбекистондаги нуфузли клиникаларда ишлаб келишяпти.

Бугун Наманганнинг Қаҳрамон аёли – Ойшахон Қўчқарова 80 ёшда! Бебаҳо илми, тажрибаси, юксак инсоний фазилатларини ўнлаб, балки юзлаб шогирдларига мерос қилиб топширган опа кексалик нафақасида бўлса-да, йўқлаб келгувчилар, малакали врач ва ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган пирубадавлат она сифатидаги маслаҳатларига муҳтожлар билан хонадони ҳамиша гавжум.

- Ойшахон Қўчқорова. Бу аёлни танимаган, билмаган одам топилмаса керак, - дейди олий тоифали  акушер гинеколог, тиббиёт  фанлари  номзоди Лола Абдуллаева. - Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан интернатурага йўлланма Намангандаги марказий туғруқхонага берилди ва у ерда бош врач Муҳитдинова Клара Усмановна мени меҳр билан кутиб олдилар.

Интернатура гуруҳ раҳбари Ойшахон опани кўрибоқ, яхши кўриб қолганман. Чунки улар ўзларининг ишлари, навбатчиликлардан  ташқари бизга, яъни ёш врачларга билимларини, вақтларни аямасдан акушерлик сабоқларини ўргатганлар. Биринчи синф ўқитувчиси ручка ушлашни ўргатганидек, скальпельни тўғри ушлашни, игна ушлагични ишлатишни қунт билан ўргатганлар.

Ҳаммамиз игна ушлагич сотиб олиб, уйда ёстиқнинг четларида тикиш техникасини ўрганиб, тез ва чиройли чок қўйиш сирларини ўрганганмиз. Ёш бўлишимизга қарамай, жарроҳлик амалиётларига бирга олиб кириб, кесар кесиш, сўнг ундан кейин бошқа гинекологик жарроҳликлар жараёнларини астойдил ўргатардилар. Баъзи вақтда анестезиолог-реаниматологлар уришарди: “Опа, ўзингиз операцияни тезроқ тугатиб қўя қолинг” деб, лекин устоз: “Булар бизнинг келажакдаги ўринбосарларимиз, биздан ҳам моҳир жарроҳ ёки акушер бўлиши керак”, - дердилар. Бирор бир асорат бўлса, “Қўрқма,  акушерликда ҳаммада шундай асоратлар бўлади, манаман деган профессорларда ҳам”, деб кўнглимизни кўтариб, асоратни бартараф қилиш сирларини ўргатардилар.

Энг асосийси, беморлар билан мулоқотни, беморлар дардини қунт билан эшитишни, беморга ҳурматни ўргатдилар. Бир куни эсимда, ҳайит байрамида устоз ва биз 3 шогирдлар навбатчимиз. Кетма-кет оғир беморлар, оғир жарроҳликлар бўлди. Бир беморимиздан қўп миқдорда қон кетиб қолди. Унда қон препаратлари муаммо эди ва зарурият туғилса, тўғридан-тўғри иссиқ қон қуйиларди. Қон топилмагани учун, опа: “Гуруҳим тўғри келаркан”, дедилар ва беморга қон бердилар. Ундан кейин эрталабгача қийин жарроҳлик амалиётларини кўз юммасдан бажардилар.

Бир куни мен боғланган туманда жарроҳлик ўтказдим.  Жарроҳликдан кейин  беморда асорат бўлиб, ҳолати оғирлашди. Устоз  бир неча кунгача эринмай бориб, менинг беморимдан хабар олиб турдилар ва оғир ҳолатдан чиқардилар. Бир оғиз, бу менинг касалим эмас, демадилар.

Давлатимиз томонидан устозимнинг меҳнатларини тўғри баҳолаб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. Биз шогирдларнинг хурсандчилигимиз чексиз эди. Фахрланиб, ҳалигача: “Ойшахон Қўчқаровна - Ўзбекистон Қаҳрамонининг шогирдлари, қизларимиз!” - деб мақтаниб юрамиз.

Кўпчилик шогирдлар қатори мен ҳам устозимнинг ўгитлари, панд-насиҳатларига амал қиламан. Уларнинг ҳар бир эзгу амаллари мен учун ўрнак бўлади. Тақдиримда шундай табаррук инсон билан бирга ишлаш, ундан тиббиёт сирларини ўрганиш, шогирди бўлишдек  бахт битилганига шукроналар келтираман.

Наманган шаҳар туғруқ комплекси врачи, акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари номзоди Тошпўлат Абдукаримовнинг фикрлари ҳам эҳтиромга тўла:

- Ойшахон Қўчқарова ҳақида сўз кетганда, аввало унинг турмуш ўртоғи, севимли устозимиз Маҳмуджон Аҳадовни эсламасликнинг иложи йўқ. Наманганда хирургиянинг отаси, дейишимиз мумкин. Бу инсон Наманган вилоятида хирургия соҳасида моҳир хирург сифатида кўплаб шогирдларни тарбиялади ва уларни шу соҳада етук профессионал шифокор бўлиб етишишларига муносиб ҳисса қўшди. Унинг сабоқларидан ўринли ибрат олган шогирдлар ҳозирга келиб инсон саломатлигини сақлашдек шарафли ва машаққатли бурчни сидқидилдан адо этиб келмоқдалар.

Ойшахон Қўчқарованинг мана шу даражага етиб келишида турмуш ўртоғининг ҳиссасини мен алоҳида эътироф этмоқчи эдим. Чунки бу икки инсон бир хил касб эгаси. Иккиси ҳам шифокор, бир-бирини қўллаб-қувватлади, маслаҳатлашди, елкадош бўлди. Оғир кунларда Ойшахон опани Маҳмуджон ака қўллаб-қувватлади, ҳамдард бўлди.

Бир инсонни яқиндан билишни истасанг, у киши билан сафарга чиқиш, ё қўшни бўлиш, ёки ҳамсакб бўлиш керак экан. Устозимиз Ойшахон Қўчқарова билан бир неча йиллар давомида ҳамкасб бўлиб ишладик. Устоздан жуда кўп билим ва малакаларни олдим, тажриба алмашдим. Аввало у чинакам дўст, меҳрибон аёлдир. Бугун у том маънода замонамизнинг чинакам қаҳрамони.

80 ёшни қоралаётган Ойша опа бугун ҳам кўплаб шогирдларнинг ардоғида. Ўзининг маслаҳатлари, насиҳатлари билан бўлишади. Ҳаётга бўлган ишончи ҳали-ҳануз кучли. Шижоат билан, матонат билан қарилик гаштини сурмоқдалар. Фурсатдан фойдаланиб, устозимизни таваллуд кунлари билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Юзларга юзлашиб, яқинлари бахтига ҳамиша соғ бўлсинлар!

...Яна бир тонг отди. Туғруқхона деразасидан яна бир чақалоқнинг “инга”си эшитилди. Бир неча соатлик уринишлардан сўнг она ва бола саломатлигини асраб қолишга муваффақ бўлган шифокор устозига қўнғироқ қилди. Негадир, шундай қилгиси келди. Жарроҳлик амалиётининг қандай кечгани, она ва боланинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапириб берди. Худди жажжи бола қилган яхши иши учун онасидан мақтов кутаётгандек ҳолатда эди у. “Баракалла, астойдил бўлинг. Мана шундай давом этинг, изланишдан асло тўхтаманг!” – деди устоз. Бу Ойшахон Қўчқарова эди.

Бу каби ҳол тез-тез такрорланади. Тез-тез чалинадиган телефон қўнғироғи ана шундай хуш суҳбатларга гувоҳ бўлади. Лавҳамиз қаҳрамони ана шундай – ҳаммага керакли инсон!

Санжарбек ҲАМИДОВ