НамДУ жамоаси меҳрибонлик уйи учун совғалар тақдим этди

НамДУ жамоаси меҳрибонлик уйи учун совғалар тақдим этди

Бугунги кунда Наманган давлат университетида 6 нафар шаҳрдаги 26-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таҳсил олишмоқда. Ушбу талабаларни университетда сифатли таълим олишлари учун барча шароитлар яратилганлиги билан бирга улар мунтазам равишда моддий ва маънавий рағбатлантирилиб борилмоқда. 

Наманган давлат университети ректори С.Турғунов меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. Учрашув давомида тарбияланувчилар билан самимий суҳбат ташкил этилди ва университет жамоаси томонидан меҳрибонлик уйи учун замонавий видеопроектор аппарати ва маркерли доска тақдим этилди. Шунингдек, мазкур муассасада университетнинг педагогика ва психология таълим йўналиши битирувчилари талабаларининг амалиёт олиб боришлари бўйича келишиб олинди.

Яна бир муҳим жиҳат, Меҳрибонлик уйи битирувчи ўқувчилари учун университетнинг салоҳиятли ва тажрибали профессор-ўқитувчилари иштирокида тайёрлов курслари ташкил этилиши белгиланди. Бу эса муассаса тарбияланувчиларини жуда ҳурсанд қилди. Тарбияланувчилар ҳам ўз навбатида бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга ҳамда Наманган давлат университети жамоасига миннатдорчилик билдиришди.