Одил Аҳмедов Наманган давлат университети талабалари билан самимий суҳбатда бўлди

Одил Аҳмедов Наманган давлат университети талабалари билан самимий суҳбатда бўлди
Шукуржон Тўхтасинов олган сурат

Одил Аҳмедов. Бу номни эшитганимизда, беихтиёр қалбимиз фахрга тўлади. Ҳа, у нафақат Наманган, балки Ўзбекистон ифтихор этса арзигулик инсон. Унинг мамлакат футболини бутун жаҳонга танилишидаги ҳиссаси катта. У қайси мамлакатнинг қай бир жамоасида тўп сурмасин, Ўзбекистон фарзанди, ўзбек футболчиси эканини такрорланмас голлари ва тезкорлик билан амалга оширилган ҳужумлари билан миллионлаб мухлислар меҳрини қозонди.

Бугун Одил Аҳмедов ҳар бир бўлажак футболчи учун афсонавий қаҳрамонга айланган. Чунки у тўп сурган барча профессионал жамоаларда ўзига билдирилган ишончни оқлади.

Хўш, Одил Аҳмедов бундай муваффақиятларга қандай эришди? Бу фақат омаднинг натижаси эдими ёки...

Наманган давлат университетининг “Пресс клуб”и томонидан ташкил этилган давра суҳбатида ана шу саволларга жавоб топилди.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвони соҳиби, “Одил жуниор” академияси асосчиси Одил Аҳмедов талаба-ёшлар томонидан берилган саволларга атрофлича ва батафсил жавоб берар экан, ғалабалар, ютуқлар, омад ва машҳурлик – барча-барчасига ўз меҳнати, сабр-матонати, шижоати ҳамда ота-онаси, яқинлари, халқининг дуоси билан эришганини алоҳида таъкидлади.

Айтиб ўтиш ўринлики, Наманган вилоятида ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган “Одил жуниор” академияси бутун республикага танилиб улгурди. Академия тарбияланувчиларини саралаб олиш тартиби, улар билан бўлиб ўтадиган машғулотлар, кутилаётган натижа хусусидаги ёшларни қизиқтирган саволларга очиқлик билан жавоб қайтарган давра суҳбати меҳмони мақсади ўзбек футболини бутун дунёга танитиш, миллий терма жамоага муносиб футболчиларни етиштириб бериш ва жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишдан иборат эканини эътироф этди.

Ўз навбатида, Одил Аҳмедов мамлакат футболини ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.


Давра суҳбати ёшларда катта таассурот қолдирди. Талабалар “Пресс клуб” вакилларига бу каби тадбирларни келгусида янада кўпроқ ташкил этиш таклифини билдиришди.

 

Санжарбек ҲАМИДОВ, Шукуржон Тўхтасинов олган сурат.