Пресс-клуб -Уйчи туманида!

Пресс-клуб -Уйчи туманида!

Наманган Давлат университети Прессс-клубининг  навбатдаги 2-сони Уйчи туманида бўлиб ўтди. Унда университет, Наманган муҳандислик-технология ва муҳандислик-қурилиш институти ректорлари ҳамда туман ҳокими 350 нафардан зиёд мактаб битирувчилари билан учрашди. Мутасаддилар мактаб битирувчилари томонидан олий таълим муассасаларига қабул бўйича янги жорий этилаётган ўзгаришлар, ОТМларда янги очилаётган таълим йўналишлари, магистратура мутахассиликлари бўйича янгиликлар, касбий-ижодий имтиҳонлар ва уларни ўтказиш тартиби, ОТМга ҳужжат топшириш ва унда 5 та таълим  йўналишларини танлаш қоидалари, университетда янги ташкил этилаётган, ўқиш мудати 3 йил бўлган таълим йўналишлари ва уларга кириш учун синов бўладиган фанлар, абитуриентлар учун берилаётган имтиёзлар ҳамда қабул квоталарига доир берилган саволларга асослантирилган тарзда жавоб беришди.

Кўпчиликда НамДУда илк бор сиртқи таълим шаклида "Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт”, “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси”, “Сабзавотчилик полизчилик картошкачилик”, “Ижтимоий иш (фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари)”, “Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” каби янги таълим йўналишлари, кундузги таълим шаклида тиббиёт соҳасида “Даволаш иши”, “Педиатрия” , шунингдек, “Спорт фаолияти (Бокс), “Ўсимликшунослик (гулчилик)” каби янги таълим йўналишлари, магистратура бўйича “Таълим муассасаларининг бошқаруви”, “Адвокатлик фаолияти” , "Ярим ўтказгичлар физикаси”, “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф-муҳит физикаси”, “Адабиётшунослик (Ўзбек адабиёти), “Этнография, этнология ва антропология”, “Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси” каби мутахассисликлар тайёрлана бошлангани катта қизиқиш уйғотди.

Университет ректори, профессор Собитхон Турғуновнинг фикрича, Пресс-клуб жараёнида ёшлар томонидан берилган саволларнинг мазмун-моҳиятидан кўриниб турибдики, таълим тизимидаги янгиликлар, ўзгариш ва ривожланишлар ҳамда таълим олувчиларга яратилаётган шарт-шароитлар, ёшларга берилаётган имтиёзлардан кўпчилик тўла хабардор эмас.  Бу ўз навбатида университет Пресс-клуби олдига янада янги вазифаларни қўяди. Клуб фаолиятини нафақат шаҳар ва туманлар марказида, балки олис қишлоқларда ҳам ташкил этиб, ёшларга мамлакатимиздаги ўзгаришлар, ривожланишлар, айниқса ёшлар учун яратилаётган шароит, имконият ва имтиёзлар бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш зарур.