Рамазон ойи яқин...

Рамазон ойи яқин...

Бу муборак ойда савобли амалларимиз янада кўпайсин!

Муқаддас ислом динининг асосий улуғ рукнларидан бири рўза ибодати. Рамазон - очлик, ташналик, нафсни тийиш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ой. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган.

Рамазон рўзаси Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.

Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди», дедилар.

Бу муборак ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, намозхонларнинг, ибодатларнинг кўпайиши, таровеҳ намозлар ўқилиши сабабидан жаннатнинг барча эшиклари очилади.

Азиз ҳамюртлар, шукрки, бугун кўпчилигимиз ён-атрофимизга очиқ кўз, теран нигоҳ, ҳушёрлик билан қарашга одатландик ва ёнимизда моддий ва маънавий мададимизга муҳтож инсонлар, оилалар борлигини кўряпмиз. Ҳукуматимиз, ҳокимликлар, турли ташкилот ва идоралар томонидан камхарж оилаларга иқтисодий жиҳатдан ёрдамлар кўрсатиляпти. Бундан одамлар ниҳоятда мамнун.

Шундай бўлса-да, истардикки, муборак Рамазон ойида хайрли ва савобли ишлар салмоғини ўн, юз, балки ундан ҳам кўпроқ даражада орттирсак, мурувватнинг, саховатнинг асл моҳиятини англасак, ҳақиқатдан ҳам ёрдамимиз зарур бўлган оилаларни, инсонларни назаримиздан қочирмасак, мана шунда бу қутлуғ ойи номи ва шарафига муносиб тарзда ўтказган, иншааллоҳ, беҳисоб ажру савобларга мушарраф бўлар эдик.

Зотан, ўзгаларга беминнат, чин қалбдан қилинган эҳсон ва яхшилик эвазига Яратганнинг марҳамати билан ҳаётимиз файзга тўлади, топганимизга барака киради.

Рамазон ойи барча юртдошларимизга муборак бўлсин, бу ойнинг рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутмоқлик насиб этсин. Хонадонларимиз тинч, дастурхонларимиз тўкин бўлсин. Қалбларимизни меҳр-мурувват, ўзгаларга яхшилик қилиш умиди ва иймон нурлари асло тарк этмасин!

Мусохон АББАСИДДИНОВ, 
Наманган шаҳар бош имом-хатиби.