Сайлов жараёнини ёритишда ОАВ қандай талабларга риоя этиши керак?

Сайлов жараёнини ёритишда ОАВ қандай талабларга риоя этиши керак?

Наманган вилоят ҳокимлиги ва вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида  матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда сайлов жараёнларини ёритиш ваколати берилган ва белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуманда  Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридиклар фанлар доктори, профессор Бобоқул Тошев ва Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Бекзод Саримсоқовлар сайлов жараёнини ёритишда ОАВнинг ўрнига алоҳида тўхталиб,  мамлакатимизда биринчи маротаба Сайлов кодекси асосида Президентлик сайловининг ўтказилаётгани ва сайлов қонунчилигига киритилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Шунингдек, анжуманда бугун халқаро ҳамжамият томонидан юртимиздаги сайловолди ташвиқотлар катта қизиқиш билан кузатилаётгани, аввалги сайловларда 800 тага яқин халқаро кузатувчилар бўлган бўлса, бу йилги сайловларда 4000 мингдан зиёд халқаро кузатувчилар иштирок этиши кутилаётгани, шуни инобатга олган ҳолда асосий эътибор сайловга оид халқаро ҳуқуқ стандартларини қўллаш ва халқаро кузатувчилар билан ишлашда ОАВнинг ўрни масалалари хусусида сўз борди.

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларида сайловнинг ҳар бир жараёнини тезкор, холис ёритиб бориш ниҳоятда муҳим. Ёритиш жараёнида эса қонунда белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш керак бўлади.

Самимий руҳда, ўринли савол-жавоб ва мулоҳазаларга бой ўтган тадбирда қатнашчиларга бу борада қимматли маълумотлар берилди.

Санжарбек Ҳамидов.