Соғлом турмуш тарзи – мустаҳкам оила асоси

Соғлом турмуш тарзи – мустаҳкам оила асоси

ҲАМИША ДОЛЗАРБ МАВЗУ

Эркин демократик жамият қуриш йўлидан илдам бораётган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Оила тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлсагина, жамиятда барқарорлик вужудга келади. Бу эса ўз навбатида маънавий ва руҳий муҳитнинг соғломлиги, ислоҳотлар муваффақияти учун тегишли замин яратади.

Ўтган йиллар давомида юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, соғлом фарзандлар туғилишига эришиш, ёш авлодни маънан ва жисман баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Соғлом авлодни дунёга келиши ва вояга етишини, оилаларда соғлом муҳит қарор топишини ўзига акс эттирган Давлат дастурларининг қабул қилинганлиги бу жараённинг узвийлигини таъминламоқда.

Оила мустаҳкамлигига эришишда албатта, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти беқиёс. Соғлом турмуш тарзи - бу кундалик ҳаётда инсоннинг жисмоний, тиббий, гигиеник, маънавий ва аҳлоқий қоидаларга қатъий риоя этиши демакдир. Соғлом турмуш тарзи маданиятининг асосий ўчоғи эса оила саналади.

Соғлом турмуш тарзи ҳақида гап кетганда, гоҳида кўпчилик уни фақат тиббиётга алоқадор ҳодиса деб тушунадилар. Аслида қонуний турмуш қуриш, эр-хотиннинг онгли равишда бир-бирини ҳурмат қилиши, авайлаши, фарзандлар тақдирига дахлдорлик туйғусининг борлиги ҳам оилада соғлом муҳитни қарор топтиради.

Қизларимиз ўртасида эрта турмушга чиқиш ҳолатларининг олдини олиш биз сўз юритаётган йўналишнинг долзарб вазифаларидан биридир. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан турмуш қуришга тайёр бўлмаган қиз оилада яхши бека бўлолмаслиги турган гап. Асосийси, унинг соғлом фарзандларни дунёга келтириши ҳам мушкул ҳол. Ҳаётда ота-онаси раъйига ёки ўз ихтиёрига кўра эрта турмушга чиқаётган, бунинг оқибатида оила аталмиш қўрғонда яшаб кетолмай бахтини бир умрга йўқотаётган, энг ачинарлиси, эрта туғруқ натижасида ногирон бўлиб қолаётган ёш келинлар фожиасига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатларга чек қўйиш ўз қўлимизда.

Қолаверса, хонадонда маънавий муҳит ҳам соғлом бўлсагина, унда соғлом турмуш тарзи қарор топиши мумкин. Афсуски, оилалар орасида носоғлом муҳитга эга хонадонлар ҳам йўқ эмас. Аёлнинг тани соғ бўлсагина, у оиласини файзга тўлдиради, дилбандларига чинакам меҳр бера олади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, хотин-қизлар спортга бефарқ бўлмаса, том маънода улар бекалик қилаётган оилада соғлом турмуш тарзи ҳукм суриши, шубҳасиз.

Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётгани замирида юқоридаги каби мақсад мужассам. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган кўплаб ижтимоий ислоҳотларнинг мантиқий бир йўналиши бўлган соғлом турмуш тарзининг оилалар ҳаётидан муҳим ўрин эгаллашига замин яратмоқда. Бу албатта, халқнинг тиббий, репродуктив ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

Аброр Алижанов,
РШТЁИМ Наманган филиали директори.