Судлар - қонуний адолат ва ҳуқуқий кафолатни таъминлаш йўлида

Судлар - қонуний адолат ва ҳуқуқий кафолатни таъминлаш йўлида

Жамиятда ҳамиша оқ ва қора ранглар кураши муттасил давом этади. Албатта, бу таъбиримиз мажозий маънода. Қонунлар эса бу рангларнинг оқ ва қора эканлигини исботлаш баробарида, ўз хулосаси ва сўнгги сўзини айтади. Мақсад бир – жамиятда адолат муҳитини қарор топтирмоқлик.

Суҳбатдошимиз Наманган вилояти суди раиси Абдурасул ЭРАНОВ. У билан Наманган вилоятидаги судлар томонидан жорий йил ўтган 9 ой давомида амалга оширилган ишлар ва уларнинг таҳлили хусусида фикрлашдик.

- Абдурасул Гаппарович, суҳбатимиз аввалида жиноят ишлари бўйича кўрилган ишлар хусусида маълумот бериб ўтсангиз.

- Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан йилнинг ўтган даври мобайнида биринчи инстанция судлари томонидан 3668 нафар шахсга нисбатан 2801 та жиноят иши кўрилиб, 2780 нафар шахсга нисбатан 1969 та жиноят ишлари ҳукм чиқариш билан, 872 нафар шахсга нисбатан 819 та жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш билан, 12 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш билан якунланган. 4 нафар шахсга оид 3 та жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки эшитув даврида 4 нафар шахсга оид 3 та жиноят иши дастлабки тергов органига қайтарилган. Кўриниб турибдики, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан судланган шахслар сони вилоятда 89,4 фоизга ёки 1303 нафарга, жиноят ишлари сони эса 80,9 фоизга ёки 1253 тага ортган.

- Вилоятда ўтган йилга нисбатан айнан қандай жиноятлар содир этилиши ҳолатлари кўпайган?

- Ўғрилик (ЖК 169-моддаси) 243 тага ёки 139,7 фоизга, фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) 238 тага ёки 91,2 фоизга, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖК 266-моддаси) 224 тага ёки 52,5 фоизга, қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар (ЖК 109-моддаси) 142 тага ёки 289,8 фоизга, безорилик (ЖК 277-моддаси) 107 тага ёки 92,2 фоизга, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш (ЖК 167-моддаси) 59 тага ёки 109,3 фоизга, 106,4 фоизга, пора бериш(ЖК 211-моддаси) 47 тага ёки 64,4 фоизга, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш (ЖК 131-моддаси) 30 тага ёки 166,7 фоизга ортган.

- Сўнгги йилларда судларнинг инсонпарварлик тамойилларини амалда кенг қўллашига гувоҳ бўляпмиз. Бу жараён вилоят судларида қай тарзда ўз ифодасини топяпти?

- Шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 7 нафар шахс оқланиб, 198 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинди. ЖКнинг 57-моддаси тартибида жиноят содир этган 907 нафар ёки 24,7 фоиз шахсларга енгилроқ жазо тайинланган, 71 нафар ёки 1,9 фоиз шахс шартли ҳукм қилинган, 1171 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган (ЖК 73-модда), 32 нафар шахсларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган (ЖК 74-моддаси), 860 нафар ёки 23,4 фоиз шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Хабарингиз бўлса керак, 2021 йил 18 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг жиноят ҳамда жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси ЖПКга янги норма киритилиб, унга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув тури жорий этилди. Ушбу нормага мувофиқ судлар томонидан 2021 йил 9 ойи давомида 17 нафар шахсга нисбатан 15 та жиноят иши бўйича судланувчиларни тергов даврида прокурор билан тузган келишувларини тасдиқланиб, уларга нисбатан ЖКнинг 572-моддасига асосан айбланган модда санкциясида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган жазо тайинланган. Шунингдек, 432 шахсга нисбатан 267 та иш бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган. Жумладан, 161 шахсга нисбатан 88 та иш бўйича модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, 78 шахсга нисбатан 48 та иш бўйича модда қисми ёки банди чиқарилган, 90 шахсга нисбатан 61 та иш бўйича бошқа моддага малакаланиб ҳукм чиқарилган. 138 нафар шахсга нисбатан 113 та иш бўйича бошқа қисмга ёки бандга ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.

- Халқимиз шахс камолотида, тақдирида маҳалланинг кўмаги ва тарбиясининг ўрни катта деб ҳисоблайди. Жиноят кўчасига кириб қолган шахсларни фуқаролар йиғинлари ва Ёшлар агентлиги каби органлар томонидан кафилликка олиниши ўзини оқлаяптими?

- Дастлаб бу органлар кафиллиги ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтсам ўринли бўлса керак. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганидан сўнг вилоятда МФЙ кафиллиги асосида 35 нафар шахсга нисбатан 28 та жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, шундан 12 та иш бўйича 15 нафар шахс суд залидан озод қилинган. Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2 та жиноят иши бўйича 5 нафар ёшларга Ёшлар иттифоқининг кафиллиги асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб, 1 та иш бўйича 1 нафар шахс суд залидан озод қилинган. Жорий йил 9 ойи давомида 1116 та сайёр суд мажлислари ўтказилган бўлиб, бу жами кўриб тамомланган ишларининг 39,8 фоизини ташкил этади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сайёр судда кўрилган ишлар сони 877 тага ёки 24,4 фоизга ортган бўлса, 1.847 та жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт шароитларни бартараф қилиш тўғрисида хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, бу ҳукм чиқариш билан тамомланган ишларнинг 65,9 фоизини ташкил қилиб, жорий йилда чиқарилган хусусий ажримлар сони ҳам ўтган йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 916 тага ёки 5.5 фоизга ортган

Барчага маълумки, 2021 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-665-сонли Қонунига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Йилнинг ўтган 9 ойи давомида 26343 нафар шахсга нисбатан 21897 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилган бўлиб, шундан 16203 нафар шахсга ёки 61,5 фоизига маъмурий жазо қўлланилган бўлса, 10140 нафар ёки 38,5 фоиз шахсга нисбатан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар тугатилган. Маъмурий жазо қўлланилган шахсларнинг 7078 нафарига ёки 43,7 фоизига МЖТКнинг 33-моддаси қўлланилиб, модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки моддада назарда тутилмаган бошқа енгил жазо чораси қўлланилган. 9085 таси ёки 41,5 фоиз маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сайёр судларда кўриб тамомланган.

- Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан кўрилган ишлар таҳлилига ҳам тўхталсангиз.

- Фуқаролик ишлари бўйича 18271 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган, 11518 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Вилоят бўйича ҳар бир туманлараро суд судьясининг ўртача иш ҳажми 1 ойда 194,5 та ишни ташкил қилиб, бу республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 9 ой мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судьяларнинг иш сифати бўйича ҳам республика миқёсида энг юқори ўринни эгаллади. Кўриб тамомланган ишларнинг 15.521 таси ёки 85,0 фоизи бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, 9219 та ёки 50,5 фоиз фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган. Кўрилган ишлардан 14045 таси ёки 90,6 фоизи қаноатлантирилган, 1451 таси рад этилган, 135 таси иш юритувдан тугатилган, 2615 таси кўрмасдан қолдирилган, чунки кўрилмаган ишлардан 1458 таси тарафларнинг ўзаро келиштириш йўли билан ҳал этилган. Кредит ва қарз шартномасидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар сони 937 тадан 7049 тага кўпайган. Бунга 2020 йилда олинган кредит суммаларини карантин сабаб фуқаролар томонидан тижорат банкларига ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабаб бўлган. Ўз навбатида “Аёллар дафтари”га киритилган, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган аёллар билан сайёр қабуллар ўтказилгани ва уларга тегишли ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилганлиги, суд орқали уларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳимоя қилинганлиги натижасида оилавий низолар бўйича кўрилган ишлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан бирмунча кўпайган. Бироқ суд орқали никоҳдан ажратиш ҳолатлари кўпайган. Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ жами кўрилган 2846 та фуқаролик ишларининг 1800 таси бўйича туман маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш бўлимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосалари олинган. Суд қарорларига асосан никоҳдан ажратилган оилалар сони 9 ойда 1483 тани ташкил этган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 478 тага кўпайган. Суднинг иш юритувида бўлган ишларнинг 62 таси бўйича эр-хотинлар яраштирилган. Судьялар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг ҳудудий бўлимлари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда олиб борган ҳаракатлар натижасида 262 та оила яраштиришга эришилган. Бу вилоят судлари, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Наманган вилоят телерадиокомпанияси ўртасида “Оилавий ажримларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш” соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида”ги Меморандумнинг имзоланганлиги, унга асосан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари, маърузалар, семинарлар ўтказиб келинаётганлиги, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари  ҳамда ижтимоий тармоқларда  чиқишлар орқали эришилган. Вилоят ва туманлараро судлари томонидан никоҳдан ажратиш ишлари ҳар бир туман ва маҳалла кесимларида доимий таҳлил қилиб борилмоқда.

- Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан суд таъсир чораларини қўллаш бўйича қандай натижаларга эришилди?

- Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 149 та хусусий ажримлар чиқарилган. Ишни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 48 та, яъни 8 та шахсга нисбатан маъмурий, 28 та шахсга нисбатан моддий ва 12 та шахсга нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида суд таъсир чоралари қўлланилган ҳамда 101 та бошқа мазмундаги хусусий ажримлар чиқарилган, барча хусусий ажримларнинг ижроси тўлиқ таъминланган. Тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш мақсадида мазмунан ҳал этилган 7525 та ишларнинг 4309 таси ёки 57,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳамда видеоконференцалоқа режими орқали 113 та суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг 187 нафар вакили ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд мажлисларида қатнашиб, уларнинг 50 млн. 776 минг сўмга яқин маблағлари тежаб қолинган. Кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир 776 та 63 млрд. 948 млн. сўмлик ишлар кўрилиб, 683 та ишлар бўйича уларнинг фойдасига 39 млрд. 739 млн. сўм қарздорликларни ундириш бўйича суд ҳужжатлари қабул қилинган. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан жами 304 млрд. 649 млн. сўмлик 309 та молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризалар келиб тушган бўлиб шундан, 161 таси қаноатлантирган, 1 та иш кўрмасдан қолдирилган, 2 та иш бўйича иш юритиш тугатилган, 145 таси рад этилган. Қаноатлантирилган 161 та ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилиб, илк бор шу каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни мунтазам равишда ўз вақтида амалга ошириб келган ҳамда ўз фаолиятини инсофли равишда олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан жами 226 млрд 705 млн сўмлик молиявий жарималарни қўллашда енгиллик берилган ва бу билан шунча миқдордаги жарима тўлови учун қаратилиши лозим бўлган пул маблағлари уларнинг ўз ихтиёрларида қолдирилган.

- Ҳуқуқ соҳасида тарғиботнинг аҳамияти катта. Шу маънода вилоят судларининг қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий тарғибот фаолияти нималардан иборат бўляпти?
- Ўтган давр мобайнида Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар), фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқубузарликларни олдини олиш бўйича жами 3511 маротаба тарғибот ишлари олиб борилган, шундан, оммавий ахборот воситаларида 1832 марта, шу жумладан, телевидениеда 231 та, радиода  361 марта, матбуотда 202 та, веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларида 1038 та чиқишлар қилинган бўлиб, аҳоли орасида 1679 маротаба давра суҳбатлари
ва учрашувлар ўтказилган.

- Сўнгги савол: судларга фуқаролар томонидан қандай мурожаатлар келиб тушяпти?

- 9 ой давомида Наманган вилоят судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судларига жами 7521 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 3969 таси ёки 53 фоизи виртуал қабулхона орқали, 2.566 таси ёки 34 фоиз оғзаки, 986  таси ёки 13 фоизи ёзма шаклда келиб тушган. Мурожаатларнинг келиб тушиши судлар кесимида таҳлил қилинганида, 4839  таси фуқаролик ишлари бўйича, 2563  таси жиноят ишлари бўйича, 119  таси иқтисодий судларга тааллуқлидир.

Вилоят суди раиси томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида 377 та жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари) қабул қилиниб, шулардан 186 таси бевосита идорада, 78 таси сайёр қабулларда ва 113 таси Халқ қабулхоналарида қабул қилиниб, мурожаатлар асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб келинган.

Судларга виртуал қабулхона орқали келиб тушган жами 3969 та мурожаатларнинг 1045 таси жиноят ишлари бўйича, 2813 таси фуқаролик ишлари бўйича, 111 таси иқтисодий судларга келиб тушиб, ушбу мурожаатларнинг 1933 таси қаноатлантирилиб, 1999  тасига тушунтириш берилган, 2 таси рад қилиниб, 8 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилиб, 27 таси ҳисобот охирига қолдиқ бўлиб қолган.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.