Тақдирлар боғланишида катта ҳикмат, улуғ масъулият бор

Тақдирлар боғланишида катта ҳикмат, улуғ масъулият бор

Оила – муқаддас. Бу сўз қулоғимизга жуда кўп чалинади. Бироқ эшитамиз-у, гоҳида ўзимиз ҳам оилани асраш борасида қатор хатоликларга йўл қўямиз. Арзимаган сабаблар билан пароканда бўлаётган оилалар тақдирига бефарқ муносабатда бўламиз. Аслида бу бефарқлик жамият, миллат, келажак тақдирига бефарқликдир.

Оила – муқаддас. Чунки никоҳ Аршда ўқилади. Тақдирлар боғланишида катта ҳикмат, улуғ масъулият бор. Эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам, хонадоннинг бошқа аъзоларининг ҳам оила олдида ўз бурчи, ҳуқуқи, мажбуриятлари мавжуд. Афсуски, ана шу чегараларни англамаслик, ҳурмат қилмаслик оғир оқибатларга, тузатиб бўлмас хатоларга олиб келмоқда.

Баъзи оилаларда эр-хотин ўртасида келишмовчилик, бир-бирини тўғри тушунмаслик ёки аёлларнинг итоатсизлиги, оилада эри билан раҳбарлик талашиши, шу орқали ўзини ҳар жиҳатдан эридан устун эканини даъво қилувчи хотинлар ҳам йўқ эмас. Аммо мана шундай бузғунчи даъволар бутун инсониятнинг тақдирига, ўсиб келаётган авлоднинг келажагига хавф соладиган вазиятларни юзага келтираётганига, афсуски, эътибор бермаяпмиз.

Аллоҳ эркакни аёлдан устун қилиб яратди. Оила қуриш, бу борада сарф-харажат қилиш, оила бунёд бўлгандан кейин рафиқасининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, муҳофазасини таъминлаш - эркакнинг зиммасидаги вазифа. Бироқ бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатларнинг келин томон зиммасига тушаётганини инкор қилолмаймиз. Худди шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ эрнинг тилини қисиқ бўлишига, оиладаги раҳбарлик ва масъулиятни келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлаяпти.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, солиҳа аёлнинг энг афзал сифати - итоаткорлик. Бу қўрқув ва мажбурийликдан эмас, балки ўз масъулиятини тушуниш, меҳр-муҳаббатга асосланган ихтиёрий муносабат демакдир. Оқила аёл эри ёнида турган пайтдагина эмас, балки бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган пайтда ҳам унинг ҳақ-ҳуқуқи ва обрў-эътиборини муҳофаза қилади.

Яна бир бор афсуски, ҳамма аёллар ҳам бундай мақомга лойиқ бўла олмаяпти. Айрим аёллар ўз ҳаддини унутган ҳолда эрига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қилишдан уялмаяпти. Уларга панд-насиҳатнинг ҳам кор қилмаётгани ғишт қолипдан кўчганини, келинга аввало оилада яхши тарбия берилмаганини кўрсатади.

Келинларимизда кечиримлилик фазилатининг йўқлиги ҳам оила пойдевори дарз кетишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик келтиради. Эр ҳам, хотин ҳам оиладаги келишмовчиликни кучайиб, зиддият даражасига етишининг олдини олишлари керак. Оила сирини имкон борича ташқарига чиқармаслик керак.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, бугунги кунда дунёнинг баъзи етакчи давлатларида оила тушунчасига путур етаяпти. Бунинг оқибатида жамият ҳалокатли жар ёқасига келиб қолаётир. Мамлакатимизда эса шукрки, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Оила тақдири халқимизнинг асрий орзулари, минг йиллик диний ва миллий анъаналаримиз билан боғлиқ. Шундай экан, оилада, маҳаллада, таълим масканларида таълим-тарбия ишини кучайтирайлик. Токи, фарзандларимиз оиланинг қадрини ҳис қиладиган инсонлар бўлиб улғайсинлар.

Ҳафизулло Маҳкамов,
 Чуст туманидаги  «Саид Насимхон тўра»
 жомеъ масжиди имом хатиби.