Тўрақўрғон тумани жорий йилда нималарга эришди, келгуси йил учун қандай режалар бор?

Тўрақўрғон тумани жорий йилда нималарга эришди, келгуси йил учун қандай режалар бор?

Бугун халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Зулайҳо  Маҳкамованинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилда Тўрақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор вазифалари бўйича мурожаати тингланди.

Мурожаатда таъкидланишича, 2021 йил январь-ноябрь ойлари  якуни билан ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 123,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,2 фоиз, пудрат ишлари 119,0 фоиз, чакана савдо айланмаси 122,4 фоиз ва жами хизмат ҳажми 122,9 фоизни ташкил этмоқда. Туман бюджет даромадлари режаси 124,9 млрд.сўмни ташкил этиб, амалда 128,6 млрд. сўмни ёки 3,7 млрд.сўмга ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Маҳаллий бюджетнинг харажатлар режаси 203,1  млрд. сўмни ташкил этиб, амалда 206,9 млрд. сўмга ёки 102 фоизга молиялаштирилиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда инқирозга қарши курашиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган Фармон ва қарорлар пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди, - деди туман ҳокими ўз мурожаатида. - Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини яхшилаш юзасидан кўрилаётган чоралар натижасида жорий йилнинг ўзида 480 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 2198 тага етказилди.

Жорий йил бошида “Темир дафтар”да қолаётган оилалар сони 82 тани ташкил этиб, ўтган давр мобайнида мазкур эҳтиёжманд оилаларнинг 20 тасида истиқомат қилувчи 24 нафар ишсизлар доимий ишга жойлаштирилди. Хатлов ва ўрганишлар натижасида 3770 нафар ёшлар платформага киритилган бўлиб, ҳозирда онлайн аризалар орқали ушбу кўрсаткич 4024 нафарни ташкил этмоқда. Йил бошига нисбатан 254 нафар ёшлар онлайн платформаси орқали мурожаат қилган. Ҳозирда жами 3910 нафар ёшлар рўйхатдан чиқарилган. “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг 792 таси ишсиз аёллар ҳисобланади ва уларнинг 449 нафари доимий ишга ва тикувчиликка, 185 нафари  тадбиркорликка жалб этилди. 60 нафари  касб-ҳунарга ўқитилди, 98 нафари оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

Туманда 2021-2022 йилларда жами 111 та инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган эди. 2021 йил якуни билан 96 та лойиҳалар бажарилишига эришилди.

Жумладан, умумий қиймати 550,5 млрд.сўм бўлган 37 та саноат лойихалари, умумий қиймати 106.3 млрд.сўм бўлган 31 та хизмат кўрсатиш лойихалари, умумий қиймати 130.7 млрд. сўм бўлган
28 та қишлоқ хўжалиги лойиҳалари амалга оширилди. Умумий ҳисобда 787,3 млрд.сўм маблағ сарфланиб, 1488 та янги иш ўринлари яратилди.

Қолган 15 та йирик лойиҳалар 2022-йил якуни билан ишга туширилиши режалаштирилган, натижада қўшимча 1000 та янги иш ўринлари яратилади.

Мурожаат давомида туман ҳокими 2022 йил учун катта режа-мақсадлар кўзланаётганини айтиб ўтди. Хусусан, келгуси йилда 520 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар сони 3,1минг тага етказилади. Банклар томонидан ажратилаётган кредитларни 2 баробар ошириб, 144 млрд. сўмга етказиш таъминланади. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати
1.3 трлн. сўмлик 134 та лойиҳаларни ишга тушириб, 1775 та янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинган. 79.7 млн. АҚШ долларлик товар ва хизматлар экспортга чиқарилиши ва бу кўрсаткич жорий йил якуни билан 110 фоизга бажарилиши ҳам назарда тутиляпти.

Ҳар йили меҳнат бозорига 2,2 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. Уларга муносиб иш ўринлар яратиш энг катта вазифамиз бўлиб қолади, - деди туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова. - Келгуси 2022 йилда барча соҳа ва дастурлар доирасида жами 9 минг та янги иш ўринларини яратилади. Шунингдек, тумандаги аҳолини “Касб-ҳунарга ўқитиш марказида” “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этиш орқали йилига 700 нафардан ортиқ ишсиз ва хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар ўқув курсларига қамраб олинади.

Сессиядан сўнг туман ҳокими журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.