Тўрт туманда янги ишонч ва янги таянч

Тўрт туманда янги ишонч ва янги таянч

#ASPEKT

Якунланаётган йил Наманган вилояти ижтимоий ҳаётида ҳам муҳим воқеаларга бой бўлди. Айниқса, ҳафта давомида вилоятининг тўрт туманида янги ҳокимларнинг тайинланиши оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Айрим вилоятларда ҳам бу каби тайинловлар амалга оширилди. Лекин Наманган вилоятидаги ҳокимларнинг алмашуви кўпчиликда саволлар туғилишига сабаб бўлди.

Косонсой туманидан бошланган навбатдан ташқари сессия ҳозирча Уйчи туманида якунланди. Косонсой туманининг собиқ ҳокими Баҳодир Юсуповнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасига мудир этиб тайинланиши муносабати билан Норин тумани ҳокими Дилмурод Қодиров Косонсой туманига ҳоким этиб тайинланди.

Қодировнинг Косонсойга келиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилигини қизиқтириб қўйди. Ҳарҳолда, унинг Норин туманидаги иш тажрибаси сабаб бўлса керак, Косонсойда ҳам янги ислоҳотлар амалга оширилишига умид қилиняпти.

Ўз-ўзидан Норин туманида ҳам ҳокимлик курсисига қайси шахснинг келиши ҳақида турли мулоҳазалар бўлди. Жўрабек Нурматов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган пайтда матбуот эътиборидан бироз четда қолгани сабабли шу кунга қадар бу шахс ҳақида деярли маълумотлар берилмаган. У Норин туманига ҳоким этиб тайинланди. У туман ижтимоий-иқтисодий муҳитини яхши билгани ҳолда келгуси фаолияти давомида туманни намунали ҳудудлар қаторига қўшилишида муносиб ҳисса қўшиши мумкин.

Навбатдаги тайинлов Норин туманига туташ бўлган Учқўрғон тумани. Айтишларича, туманнинг собиқ ҳокими Азимжон Ваҳобов фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод этилди. Учқўрғон Наманган вилоятида қатор соҳаларда ўз ўрнига эга бўлган туманлардан. Тайинланиши лозим бўлган ҳоким ҳам уддабуронлиги, шижоати, фидойилиги билан бошқалардан ажралиб турадиган, туманни иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш масъулиятини дилдан ҳис этадиган раҳбар бўлса, ажаб эмас. 

Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори Жаҳонгир Ризаевнинг Учқўрғон туманининг биринчи раҳбари бўлиб тайинланиши кўпчиликни мамнун қилди. Дарвоқе, у Наманган вилоятидаги энг ёш ҳокимлардан бири бўлди. Доим матбуот назарида бўлган Жаҳонгир Ризаев оғир-босиқлиги билан матбуот вакилларида яхши таассурот қолдирган. Ҳарҳолда у танқидни оғир-вазминлик билан тўғри қабул қилиш фазилатига эга. 2018 йилда корхонага раҳбар этиб тайинланган бўлса, қисқа муддатда тизимда арзигулик ишларни амалга оширишга эришди. Жаноб Ризаев ҳокимлик вазифасининг илк кунини тиббиёт муассасаларининг фаолияти билан танишишдан бошлади. Бир сўз билан айтганда, у аҳоли саломатлиги, туманда йиғилиб қолган муаммолар ечимини топишга жиддий киришган кўринади.

Учқўрғон туманидан сўнг Уйчи туманида якунланган навбатдан ташқари сессия ортидан туманнинг собиқ раҳбари Муҳаммадзокир Маматовни соғлигидаги муаммолар туфайли эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ҳафта давомида Уйчи тумани ҳокимлиги бутун матбуот нишонида бўлди.  Ҳокимликка тегишли бўлган хизмат машинаси билан боғлиқ машмаша кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Собиқ ҳоким  лавозимидан озод этилиши арафасида ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Ассалому алайкум, азиз уйчиликлар! Сизлардек бағрикенг, олийжаноб, ҳалол ва фидойи инсонларга хизмат қилиш ва бирга ишлаш мен учун шараф бўлди. Яхши-ёмон гапирган бўлсам, узр сўрайман. Аллоҳ рози бўлсин барчамиздан”, дея изоҳ қолдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида сайловолди дастурида Уйчи туманига алоҳида урғу бериб ўтган эди. Йиғилиб қолган муаммоларни бартараф эта оладиган кадрга эҳтиёж жуда зарур. Шу боисдан вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳратжон Мусаевни мазкур лавозимга муносиб деб топилди.

Шуҳрат Мусаев жорий йилнинг ўзида вилоят ҳокими ўринбосари вазифасида фаолиятини бошлаб, қисқа муддатда тизимда арзигулик ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Маҳаллабай, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби йўналишларни яхши билганлиги туфайли тумандаги бу каби тизимли ишлар ижобий ечим топиши мумкин. Мусаевни яқиндан билганлар у  жамоани яхши бошқара олиши, раҳбарлик қобилиятида тажрибаси етарли эканлигига катта баҳо беришди.

Шуҳратжон Мусаев ҳам ҳокимлик лавозимига киришган илк кунини маҳаллалар ва мактаблар фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлади.

 Хуллас, бу-  тўрт туманда янги ишонч ва янги таянч деганидир!

 Санжарбек ҲАМИДОВ.