Учқўрғонда боғчага қамров йил якунигача 90 фоизга етказилади

Учқўрғонда боғчага қамров йил якунигача 90 фоизга етказилади

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишидан келиб чиқадиган муҳим вазифаларга бағишланган пресс-тур ўтказилди.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур пресс-тур аввалида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкиллаштирилган “Биз, Президент фарзандларимиз” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда болажон диёримиздаги изчил ислоҳотларни ўзида акс эттирган панно ва кўргазмалар намойиш қилинди. Мулкчилик шакли турлича бўлган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати асосидаги сифатли ва бежирим буюмлар болажонларнинг истаклари ҳамда уларнинг тасаввурини бойитишига эътибор қаратилган.

Пресс-турнинг навбатдаги манзили 42-сонли мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу маскан “Обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб, деб топилган. Тарбия маскани биноси инвестиция дастури асосида қайта реконструкция қилинган. Айни пайтда бу ерда 16 та гуруҳда 432 болажон тарбияланмоқда. Бу ерда “Зумрадойлар”, “Темурийлар”, “Соғломжон”, рус тили, бадиий гимнастика, шахмат, ментал арифметика, расм тўгараклари қаторида мусиқий таълимга ҳам ўзига хос урғу берилмоқда.  

– Давлатимиз раҳбари ҳар бир мактаб битирувчисининг шаҳодатномасида фанларни ўзлаштириш қобилияти билан бирга камида битта чолғу асбобида куй чалишни билиши ҳам белгилаб қўйилиши ҳақида айтганди, – дейди ташкилот директори Шоирахон Норбўтаева. – Биз бу жиҳатни боғчамиздан бошламоқчимиз. Илмпарвар боболаримиз бола тарбиясида мусиқа илми катта аҳамият касб этишига чуқур эътибор қаратган.

36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти туманнинг энг чекка, шунингдек, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳисобланувчи Бўстон маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, унга 1957 йилда тамал тоши қўйилган. 60 йилдан ортиқ эътибордан четда қолган мазкур даргоҳ биноси 2019 йилда “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида қайта таъмирдан чиқарилди.  

Кичкинтойлар учун барча шароитлар муҳайё этилган муассасанинг еттита гуруҳида 181 нафар бола бор.  

– Хонадонимиз боғча билан бир девор туташган, – дейди меҳнат фахрийси Равшанбек Тоғаев. – Оддий қишлоқ боғчаси пойтахтникидан асло қолишмайди. Обод манзилдаги чиройли, ораста гул ва гулзорлардан баҳру дилингиз яйрайди. Биз ота-оналар меҳрибон тарбиячиларнинг иш фаолиятидан беҳад мамнунмиз. Шунинг учун ҳам набираларимизни бемалол боғчага берганмиз.  

Туманда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони ошиб бормоқда. Туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Турсуновнинг айтишича, жорий йилнинг ўзида 40 та ана шундай муассаса ташкил этилиб, уларнинг сони 60 тага етказилди.

Қўғай маҳалласида Ҳакима Тошматова, Гулнора Болтабоева томонидан очилган “Кamalak” ва “Golden children” оилавий боғчаларида қамров даражаси паст бўлган Тинчлик маҳалласидаги 50 нафар бола тарбияланмоқда. Эътиборлиси, шундай боғчаларда болалар овқатланиши ва тарбиячиларнинг иш ҳақлари давлат бюджетидан қопланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорларда, умуман шу соҳага маблағ тикмоқчи бўлган ҳамюртларимизда оилавий боғчаларни ташкил этишга бўлган қизиқиш ва хоҳишни оширади, албатта. Қолаверса, уйда ўтирган, “Аёллар дафтари”га кирган ишсиз хотин-қизлар бандлиги ҳам таъминланади.

– Туманимизда бугунги кунда 3-7 ёшдаги болажонлар сони 14 минг 36 нафарни ташкил этади, – дейди Учқўрғон тумани мактабгача таълим бўлими мудираси Дилором Эсонбоева. – Ҳозирга қадар уларнинг 11 минг 250 нафари, яъни 80 фоизи 47 та давлат, 60 та оилавий, 4 та давлат-хусусий шерикчилик боғчаларига қамраб олинган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, бундан тўрт йил олдин атиги 47 та боғчамиз мавжуд эди ва унда қамров атиги 37 фоиз бўлган, холос. Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида жорий йилнинг ўзида учта хусусий боғча қурилди. 2021 йилги дастурга 7 та давлат МТТ жорий таъмирлаш, 1 та МТТ “Инвестиция” ва 1 та МТТ “Обод қишлоқ” дастурларига киритилган. Йил якунига қадар қамров кўрсаткичини 90 фоизга етказишга имкониятларимиз етарли.  

3-7 ёшли болаларни боғчага қамраш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳам самарали фаолият юритмоқда. “Витти кидс” номли МТТ ҳам ана шулар жумласидан.  

Моҳир педагог Одина Ғаниева томонидан 2020 йилнинг август ойида барпо этилган ушбу тарбия масканига 3 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шундан 1 миллиард 800 миллион сўм “Капитал” банк кредити ҳиссасига тўғри келади. 170 ўринга мўлжалланган замонавий талабларга жавоб берувчи ушбу боғчада 28 кишининг доимий бандлиги таъминланган.  

Айни пайтда юз бола тарбияланаётган бўлса, бу кўрсаткични келгусида яна 70 тага ошириш кўзда тутилган. “Илк қадам” дастуридан ташқари, рус ва инглиз тиллари ўргатилади. Спортнинг бадиий гимнастика, каратэ турлари, мусиқа билан шуғулланиш учун ҳам муносиб шароитлар ҳозирланган.  

Яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар иқтидор, зийраклик ва илмга муҳаббат, келажакка дадил ишончни беради. Бу эса эзгу мақсадлар ижобати сари элтиши шубҳасиздир.

 Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА