Улар ҳам сайловда овоз беради

Улар ҳам сайловда овоз беради

Бугун Наманган вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан “Биз биргамиз” акциясининг навбатдаги тадбири ташкил этилди. Мазкур акция ННТ ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоцияси вилоят бўлимлари, вилоят маданият бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси, Ҳунарманд уюшмаси вилоят бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда ННТларнинг, айниқса кўзи ожиз ҳамда ногиронлиги бўлган сайловчиларимизнинг иштироки жуда муҳим. Чунки айни вақтда вилоятимизда 550 та ННТ фаолият олиб бормоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар эса 61819 нафар бўлиб, 18 ёшдан юқориси 52656 нафарни, кўришда нуқсони бўлган кўзи ожизлар эса 4827 нафарни ташкил этади.

Акция доирасида уларнинг сайловларда иштирок этиши, участка сайлов комиссияларида ва овоз бериш кабиналарида улар учун махсус шароитларнинг яратилиши юзасидан аниқ маълумотлар берилди.

Акциянинг яна бир муҳим жиҳати ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган ва қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркасининг ташкил этилгани қатнашувчиларда катта таассурот қолдирди. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг реализациясига кўмаклашиш мақсадида тадбиркорлар жалб этилди, чунки қўл меҳнати ёрдамида ишлаб чиқилган маҳсулотлар бозорини янада юксалтиришда айнан тадбиркорларнинг имкониятлари кенг.  

Бу каби акциялар Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янги поғонага кўтаради.

Тадбирда уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун куй-қўшиқлар янгради, Ҳунарманд уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси томонидан ҳамкорлик юзасидан таклифлар берилди. Акция якунида фаол қатнашган бир қатор ННТлар бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Наманган вилоят адлия бошқармаси