Ушбу сайлов юртимизнинг келажагини, халқимизнинг фаровонлигини таъминловчи муҳим тадбир

Ушбу сайлов юртимизнинг келажагини, халқимизнинг фаровонлигини  таъминловчи муҳим тадбир

Бугун дунё Ўзбекистоннинг ҳар қандай йирик халқаро тадбирларга мезбонлик қила олишини, мамлакат юксак салоҳиятга эгалигини, катта-катта сиёсий йиғинларни рисоладагидек ташкил эта олишини билиб бўлди.

Айни кунларда жаҳон ҳамжамияти нигоҳи юртимизга қаратилган. Яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз истиқболи, халқимизнинг эртанги кунига дахлдор муҳим сиёсий воқеа —  Президент сайлови бўлиб ўтади.

Сайлов — демократия кузгуси, деймиз. Халқнинг хоҳиш-иродасини, мақсад-муддаосини ифода этгани боис сайловни халқаро мезонлар, ҳуқуқий ҳужжатлар асосида, демократик принципларга мос равишда ўтказиш талаб этилади.  

Ўтган йиллар мобайнида сайловларда орттирилган тажрибалар шуни кўрсатадики, очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ҳар қандай сайловнинг легитимлигини таъминлашда, аввало, сайловчиларнинг ишончини оқлашда энг муҳим омилдир.

Жорий йил муҳим сиёсий жараён бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган «давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса» — президентлик сайловлари масаласига тўхталиб ўтганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси «бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши» лозимлигини таъкидлаган. Бу жараёнга тайёргарлик кўриш  ва уни юқори савияда ўтказиш сайлов участкаларига ҳам катта масъулият юклайди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга тайёргарлик ишлари барча норма ва стандартларга мувофиқ ташкил этилмоқда. Жумладан, барча участкалар учун тегишли миқдорда маблағ ажратилди ва  зарур техника воситалари билан тўлиқ  таъминланди. 

Комиссия аъзоларига бўлиб ўтган ўқув – семинарларда  сайловга тайёргарлик  жараёнлари билан боғлиқ ишлар, шунингдек, аҳолининг ушбу муҳим сиёсий воқеага даҳлдорлик ҳиссини шакллантириш ва бошқа бир қатор вазифалар муҳокама этилди. Шунингдек, семинарларда сайлов комиссиялари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида участка сайлов комиссияси аъзоларининг вазифалари, сайлов жараёнида халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг ўрни, сайлов куни овоз беришни ташкил этиш, якунлаш, овозларни санаб чиқиш ва уни расмийлаштириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.

«Соҳибкор» МФЙнинг 1750 нафар сайловчисига эга участкамиз Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги               1 – сонли ихтисослашган давлат умумтаълим  мактаб интернатида жойлашган бўлиб  зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мазкур жараёнда сайловчилардан қарийб 60 нафар ёшлар илк бор сайловда иштирок этади.

Умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла амал қилган ҳолда ўтажак ушбу сайлов юртимизнинг келажагини, халқимизнинг фаровонлигини  таъминловчи, фарзандларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи энг муҳим тадбир сифатида барчамизга дахлдордир.

Абдулло АБДУРАҲМОНОВ, 
Наманган шаҳридаги 45 – сонли сайлов участкаси комиссия раиси