Уйчи тумани ҳокимининг биринчи иш куни

Уйчи тумани ҳокимининг биринчи иш куни

Аслида бир оилани бошқариш осон эмас. Туманга бош бўлиш эса ундан-да масъулиятли вазифа. Бундай ишонч бежизга билдирилмайди. Бутун бир туманни бошқариш, уни ҳар томонлама равнақ топтириш, изланиб имкон топиш, замон билан ҳамқадамлик салоҳиятига эга кадргина ҳоким этиб тайинланади.

2021 йилнинг сўнгги кунлари Наманган вилояти аҳли учун ўзгаришларга бой кечди. Бир қатор туманлар қаторида Уйчи тумани ҳокими ҳам ўзгарди.

Шу кунгача вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Шуҳрат Мусаев Уйчи туманига ҳоким этиб тайинланди.

У туман раҳбари сифатидаги илк фаолиятини мактаблардаги таълим-тарбия ишлари, шароитларни ўрганишдан бошлади. Бу маълум маънода энг тўғри йўл. Зотан, эртанги кун тақдирини бугун мактаб партасида ўтирган ўғил-қизлар белгилайди. Бошқача айтганда, эртанги кун мактаб партасидан бошланади.

Дастлаб 22-мактабга ташриф буюрган туман ҳокими Ш. Мусаев бу ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва бундан қониқмади. Чунки мазкур мактабда 965 нафар ўқувчи таҳсил олади. Синф хоналари етишмаслиги сабабли дарслар икки сменада олиб борилади. Демак, мактабга яна қўшимча бино зарур. Ўқувчилар билан суҳбатлашган ҳоким кутубхонада ҳам янги китоблар етишмаслигини илғади.

- Мактаб битирувчиларининг ҳеч бўлмаганда, олтмиш фоизи олий ўқув юртларига кириши керак, - деди у. - Шунга яраша биз ҳам шарт-шароитларни яхшилаш чораларини кўрамиз. Мен ҳар кунги иш фаолиятимни мактабдан бошлайман.

Ҳокимнинг бу қарори қувонишга арзийди. Агар у ҳар куни ишни мактаблар фаолияти билан танишишдан ва мавжуд муаммоларни бартараф этилишидан бошласа, туман халқ таълими тизими тез орада катта муваффақиятларни қўлга киритиши эҳтимолдан йироқ эмас.

1-сектор ҳудудидаги “Янги ҳаёт” МФЙ туманнинг энг чекка, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган. Бу ерда ҳам бир қанча муаммолар ечимини кутмоқда. Туман ҳокими дастлаб маҳалла идорасига ташриф буюрди.

- Маҳалла идораси тартибли ва ишлаш учун ҳамма шароитлар бўлиши керак. “Янги ҳаёт” энг обод маҳалла бўлади, уни туманга намуна қиламиз, - деди туман ҳокими. - Қаровсиз жой, оқланмаган дарахт, ҳайдалмаган, чопилмаган ер қолмайди. 42-мактаб учун янги бино қурилишини тезлаштирамиз.

Туман раҳбари фуқаролар билан ҳам суҳбатлашди. Тадбиркор Шамсиддин Охунов макарон цехини ташкил қилиш учун ёрдам сўради. Унга  кредит таклиф қилинди ва мурожаати назоратга олиниши айтилди.

Туман ҳокимининг кейинги ташрифи кичик саноат зоналарига бўлди. Янгиер, Ёркатай, “Юксалиш” кичик саноат зоналарида лойиҳа эгалари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.

- Инфратузилмани яхшилаш бўйича барча муаммоларни ҳал этамиз. Лойиҳа эгалари эса қурилиш ишларини тезроқ якунлаб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлашлари, янги иш ўринлари яратишлари даркор, - деди туман раҳбари.

Шу ернинг ўзида электр, йўл масаласидаги муаммолар бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.

Хуллас, туман ҳокими биринчи иш кунини катта шижоат билан бошлади. Бу борада куч-қувват ва омад тилар эканмиз, Шуҳрат Мусаевнинг халқ ҳурматини қозонишига ишонамиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ.