«Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон АЪЛОХОДЖАЕВ: «Кечиктирилган Токио – 2020 мусобақаларида вакиламиз иштирок этаётганидан фахрланамиз!»

«Ватанпарвар»  ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси  Аҳмаджон АЪЛОХОДЖАЕВ:  «Кечиктирилган Токио – 2020 мусобақаларида вакиламиз иштирок этаётганидан фахрланамиз!»

- Аҳмаджон ака, хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 16 июнь куни ўтказилган видеоселекторда олий таълим тизими ва бу йилги қабул жараёнлари жиддий муҳокама қилинди, тегишли ташкилотларга зарур топшириқлар берилди.  Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотда бу борада қандай янгиликлар бор? Ҳар йилгидек бу йил ҳам абитуриент ёшларнинг ҳавасини келтиргувчи хушхабарлар бўлдими?

- Нимасини айтасиз, Санжарбек! Хушхабарлар бўлди, албатта. Давлатимиз раҳбарининг “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятини тубдан яхшилаш ва кенгайтириш ҳақидаги кўрсатмаларидан сўнг бизда масъулият ҳам ортди, айни чоғда ташкилотимиз ишини қўллаб-қувватловчи ва барчамизни руҳлантирувчи имтиёзлар ҳам кўпайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли Қарорининг тегишли банди ижросини таъминлаш ва 2019 йил 19 март куни  Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та ташаббуснинг 2-банди ижроси ва Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти Устави талабларидан келиб чиққан ҳолда Наманган вилоятида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича белгилаб олинган аниқ чора-тадбирлар режасига асосан ишлар олиб борилмоқда. Юртбошимиз томонидан имзоланган ПҚ-4061-сонли Қарорга асосан “Ватанпарвар” ташкилотида шуғулланаётган, яъни Республика, Осиё, Жаҳон ва Халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлар мамлакатимиздаги Олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинмоқда. Фикримиз мисолида кўрадиган бўлсак,  “Ватанпарвар” ташкилотида фаолият кўрсатаётган Наманган вилояти терма жамоаси катта тренери Муҳаббат Кондакова қўл остида шуғуллаётган спортчилардан Камила Исхакова ва Мукаммал Тоҳирова (2015 йил), Аҳмадалиев Муроджон (2016 йил), Сарвар Жўрамирзаев (2017 йил), Саидбек Каримов (2018 йил), Мухтасар Тоҳирова (2019 йил); спортчилардан  Иззатбек Абдуллаев ва Муҳаммад Камалов (2020 йил) олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинган.  Ушбу анъана бу йил ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Жорий йилнинг 5 – 12 май кунлари Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган “Ўқ отиш” бўйича Ўзбекистон Чемпионати мусобақасида вилоят терма жамоаси аъзолари Алина Тарасова ва Дилмурод Назаровлар 1-ўринни эгаллаб, юртимиздаги олий ўқув юртларида давлат бюджети асосида ўқиш имконини берувчи лицензияни қўлга киритдилар.

Албатта, бу каби ютуқлар ҳар қандай кишини қувонтиради. Шу қувончли туйғу таъсирида яна ҳам астойдил ишлаб-изланиб, тингловчиларимиз муваффақиятларини сон ва сифат жиҳатдан ўстиришга ҳаракат қилаверамиз.

 - Пандемия сабаб ўтган йили Токио – 2020 ёзги олимпия ўйинлари кечиктирилганди. Мана, ўша кечиктирилган нуфузли турнир стартига ҳам оз фурсат қолди.  Маълумки, “Ватанпарвар” ташкилоти таркибидаги сексияларда ёзги олимпиа ўйинларидан ўрин олган спорт турлари билан ҳам ёшлар оммавий ва махсус машғулотлар олиб боришади. Мазкур мулоқотимизга тайёргарлик кўрар эканман,  бир қувончли маълумотдан хабар топдим. Демак, Токио – 2020 мусобақаларида наманганлик ватанпарвар ҳам иштирок этади?

- Шундай. Бу хушхабар нафақат наманганлик, балки мамлакатимизнинг барча “ватанпарвар”чиларини беҳад тўлқинлантирди. Қувонарлиси, Халқаро ўқ отиш спорт федерациясидан мамлакатимиз учун хушхабар келган. Халқаро ташкилот Ўзбекистон делегацияси Токио – 2020 олимпия ўйинлари учун лицензия қўлга киритганини маълум қилди. Ҳамюртимиз – Наманган фарзанди Мухтасар Тоҳирова пневматик милтиқдан   10 метр масофадан ва 50 метр масофадан 3 ҳолатда  ўқ отиш дастурларида квалификацион даврда тўплаган юқори баллари учун Токио – 2020 олимпия ўйинларининг лицензияларига эга бўлди. Қайд этиш жоиз, спортчимиз лицензион даврдаги 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳри мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам юқори натижаларни қайд этган эди. Бу йил ҳам Қозоғистонда ташкилланган халқаро мусобақада 10 метр масофада кечган дастурда ғалаба қозонди. Мухтасар Тоҳирова 2000 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Спортдаги фаолиятини Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг Пневматик қуролдан ўқ отиш секциясида бошлаган ва машғулотларни Муҳаббат Кондакова мураббийлигида олиб борган. Мухтасар Тоҳирова ўқ отиш спорти бўйича дастлаб шаҳар,  вилоят ва республика беллашувларида, сўнгра халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келган. “Ватанпарвар” ташкилоти жамоаси Мухтасар Тоҳировани навбатдаги ютуғи билан муборакбод этиб, келгусида бўлиб ўтадиган мусобақаларда улкан ғалабаларга эришишини тилаб қолади.

- Тилга олинган ютуқлар ва ғалабалардан ҳар бир ютдошимиз фахрланса арзийди. Аёнки, мазкур ғалабалар, ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Ишга нисбатан профессионал муносабат шаклланмаса, ходимлар ва тингловчиларда, спорт секцияларида иштирок этаётган йигит-қизларда фидойилик бўлмаса, энг асосийси, улкан натижаларга эришиш учун етарли даражада шарт-шароитлар яратилмаса, ишнинг самараси кўринмаслиги аниқ. Шу маънода “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ва янгиланётган моддий-техник асослар ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Юқорида таъкидлаганимдек, кечиктирилган Токио – 2020 мусобақаларида вакиламиз иштирок этаётганидан фахрланамиз.  Қарангки, ташкилотимиз амалга ошираётган ишлар самарадорлигида кунчиқар юртдан келтирилган замонавий техникаларнинг ҳам  ўрни беқиёс.

Умуман олганда, бугунги кунга қадар, мавжуд спорт секцияларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш мақсадида, 18 дона янги замонавий велосипед, 43 дона картинг ва 24 дона Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “ПИТ-БАЙК” русумли спорт мотоцикллари, Япония маҳсулоти ҳисобланмиш  6 дона “KAWASAKI”, 2 дона “SUZUKI”, 1 дона “ZABEL”, 1 дона “YAMAHA” русумли спорт мотоцикллари харид этилиб, спорт секцияларида шуғулланувчи спортчилар ихтиёрига топширилган. Шу тариқа моддий-техник базамизни бойитар эканмиз, табиий тарзда зафарлар залвори ҳам юксалиб бораверишига ишончимиз комил.

- Самимий суҳбатингиз учун ташаккур, Аҳмаджон ака. Умид қиламизки, газетамизнинг кейинги сонларида Сиз билан янги муваффақият ва ютуқлар борасидаги суҳбатларимизни давом эттирамиз.

 Санжарбек Ҳамидов суҳбатлашди.