Янги Ахсидан ноёб Дамашқ қиличи топилди

Янги Ахсидан ноёб Дамашқ қиличи топилди

Ахсикент ёдгорлиги – қадимий шаҳар харобаси Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси асосида Ахсикентнинг ҳаққоний тарихини ўрганиш, мазкур ҳудудни туризм маконига айлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилган тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлиги исботланган. Унинг харобалари маҳаллий халқ орасида Янги Ахси топоними билан аталиб, ҳозирда унинг озроқ қисми Якка йигит қишлоғи тагида сақланган.

Ҳозирда қадимги шаҳар харобаларида қазишма ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ сайтимиз орқали Янги Ахсида тўпланаётган юзлаб топилмалар қаторига пўлат ханжар ҳамда “Оятал курси” битилган мис пиёла қўшилгани ҳақида хабар берган эдик.  

Навбатдаги топилма ноёб Дамашқ қиличи Ахси осори-атиқалар музейига 510-экспонат сифатида рўйхатга киритилди. Таъкидлаш керак, Ахсикентда тайёрланган қуроллар “Дамашқ қиличлари” номи билан дунёга машҳур бўлиб, Ғарбда Дамашқ, Шарқда Хитой бозорларида сотилган.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА