Янги Ўзбекистонда қабулнинг янги ва адолатли шакли жорий қилинди

Янги Ўзбекистонда қабулнинг янги ва адолатли шакли жорий қилинди

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни қизғин паллага кирди. Жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йилида абитуриентларга кутилмаган, янги қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бундан ёшлар мамнун.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, бакалавриат босқичига қабул бўйича янгиликлар муҳим: биринчидан, аввалги йилларда имтиёзли равишда ўқишга кириш имконияти берилган абитуриентлар олий ўқув юртига ажратилган ўрин – квота ҳисобидан қабул қилинар эди. Бу йил эса имтиёзга эга абитуриентлар учун алоҳида ўринлар берилади, яъни имтиёз билан ўқишга қабул қилинадиганлар умумий қабул квота учун беллашадиганларнинг ўрнини банд қилмайди. Бу дегани грантга ёки оддий шартномага кирганларнинг ўрнини эгалламайди. Натижада ижтимоий адолат сақланади.

Бу йил қабулдаги иккинчи муҳим янгилик шундан иборатки, ижодий имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриент тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинмайди, балки барча абитуриентлар учун мажбурий ҳисобланган 3 та фандан тест синовлари ҳам топширилади. Бу ҳам қабулда шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Абитуриентнинг касбий (ижодий) қобилияти билан бирга назарий билимларини синаб кўриш имкониятини таъминлайди. Ортиқча гап-сўзларга ўрин қолдирмайди. Умуман олганда, абитуриентларнинг мажбурий учта фандан қўшимча тест топшириши мажбуриятга ўхшаса-да, аслида билимли, фанлардан доимий равишда аъло баҳоларга ўқиб, дарсларга мунтазам қатнашиб келган ўқувчилар учун мисоли бонус вазифасини ҳам ўтайди, дейиш мумкин. Мактабда ҳамма фанлардан яхши ва аъло баҳоларга ўзлаштириб келган ўқувчиларга бу катта имконият десак, муболаға эмас.    

   Ҳаммани ўта қизиқтираётган муҳим мавзулардан бири, бу шубҳасиз, хорижий давлатлардан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш масаласи ҳисобланади. Бу йил мазкур масалада ҳам ўзгача янгилик бўлди. Ўқишни кўчирмоқчи бўлган талаба мутахассислик фанларидан ДТМ томонидан ўтказиладиган тест синовларида қатнашади. Белгиланган баллни тўплаган талаба одатдаги шартнома пулини тўлаб ўқишни давом эттиради. Белгиланган балдан кам балл  тўплаган талаба оширилган миқдорда шартнома тўлаб ўқишига тўғри келади. Бу яна бир бор ижтимоий адолатни тиклаш томон қўйилган катта қадам сифатида баҳоланиши лозим. Очиғи, хориж давлатларидаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш билан боғлиқ турли-туман ножўя гап-сўзлар кейинги йилларда жуда кўпайиб кетди. Очиқ-ошкора, ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилиш тўғрисида ташвиқотлар, тарғиботлар кўпайиб кетганлиги ҳам рост. Бу тартибнинг жорий қилинишини коррупциянинг олдини олиш йўлидаги дадил қадам сифатида баҳолаш зарур. Мазкур янгилик ўқишга яхши тайёргарлик кўрмай, ҳар хил йўллар билан қўшни давлатлардаги олий ўқув юртларига ўқишга кириб, кейинги курсларни Ўзбекистонга кўчириб, ўқийвераман, деган хом хаёлларга берилишга чек қўяди.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, албатта, буни ҳам айтиб ўтишимиз шарт ва зарур. Мамлакатимиздаги ёшларнинг хориж ўқув юртларига кириши натижасида республикамиздан миллий валютанинг чиқиб кетишига ҳам сезиларли таъсир ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарордаги энг муҳим масалалардан бири магистратурага қабул эди, дейиш мумкин. Олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, бу соҳада ҳам янгиликлар, яъни ижобий ўзгаришлар таклиф қилинган. Аввало, магистратурага ҳужжат қабул қилишда бакалавр босқичидаги (турдош таълим йўналишлари) йўналиш инобатга олинадиган бўлди. Яъни, бакалаврни бутунлай бошқа йўналишда битириб, бошқа мутахассисликка ҳужжат топшириш тартиби бекор қилинди.

Иккинчидан, олдинги йилларда бўлганидек, бир босқичли синов тизими ўрнига икки босқичли синовлар амалиётга жорий қилинмоқда. Биринчи босқичда мутахассислик фанлари бўйича ижодий имтиҳон (оғзаки, ёзма ёки тест), иккинчи босқичда ДТМ томонидан хорижий (инглиз) тилдан тест синови ўтказилади. Маълумки, магистратурада ўқишни ният қилган талабгорлар кўпинча илмий тадқиқотни давом эттириш мақсадида бўладилар. Келажакда илмий фаолият билан жиддий шуғулланмоқчи бўлган ҳар бир ёш хорижий тиллардан бирини, имконияти қадар инглиз тилини билиши давр талабига айланиб қолди. Шунинг учун ҳам магистратурага кириш имтиҳонлари қаторида хорижий тилдан тест синовлари топширилиши айнан замон талаби билан ҳамоҳанг талаблардан бири ҳисобланади.

Дилшод Холматов, 
Наманган Давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори.