Юридик соҳа кадрлари чуқур билим, ўткир зеҳн, маҳорат ва кучли салоҳиятга эга бўлиши керак

Юридик соҳа кадрлари чуқур билим, ўткир зеҳн, маҳорат ва кучли салоҳиятга эга бўлиши керак

бундай кадрларни тайёрлаш учун университетда имкониятлар етарли

Ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражаси у ерда шаклланган таълим тизими қатори ҳуқуқий онг ва маданият даражасига боғлиқ. Зеро, бу жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири саналади.

Табиийки, мазкур мезонларни самарали ҳаётга татбиқ этишда юридик таълимнинг аҳамияти беқиёс. Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Бу йўлда зарур ҳуқуқий-ташкилий ва институционал база такомиллаштирилди, замон талабларига мослаштирилиб борилмоқда.

Бу борада энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишларни тизимли ва узвий йўлга қўйишга катта эътибор қаратилди. Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга доир вазифалар умумий тусдан ихтисослаштирилган ва чуқурлаштирилган тамойилларга изчил ўтказилмоқда.

Хусусан, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш пировард мақсад этиб белгилаб олинди. Бинобарин, ушбу ғояни амалга оширишда юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини кенг татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган фармон ва қарорлар мазкур тизим қиёфасини мутлақо янгилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлар шулар жумласидандир.

Юридик кадрларни тайёрлаш учун нафақат марказда, балки вилоятларда ҳам шароитлар яратилаётгани қувонарли ҳол. Бунга давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони асосида барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, унга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети «юриспруденция» мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса этиб белгиланди. Айни чоғда Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилди.

Наманган давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  12 июндаги  “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги 4749 –сонли қарорига асосан бакалавриатнинг юриспруденция йўналиши кундузги таълим шакли бўйича жами 50 нафар (5 нафар грант, 45 нафар) ёшларни қабул қилиш режалаштирилган.

2020 йил 1 декабрь ҳолатига 35 нафар  грант, 58 нафар  шартнома асосида талабалар қабул қилинди.  2020 йил 29 декабрь кунига  71 нафар абитуриент  табақалаштирилган контракт асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида абитуриентлар  ариза билан мурожаат қилишган. Уларнинг 12 нафарининг  контракт тўловларини тўлаганлиги сабабли  талабаликка қабул қилиш бўйича буйруқлари чиқарилган. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2020 йил 31 декабрга қадар  тўлов муддатлари узайтирилганлиги сабабли  шартнома  пулларини тўлаш давом этмоқда.

Ҳозирда факультетда “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” ва “Миллий ғоя ва ҳуқуқ таълими” кафедралари ташкил қилиниб, асосий штатда 17 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқдалар.  Уларнинг 5 нафари фан номзоди, доцентлар, 12 нафари эса катта ўқитувчи ва ўқитувчилардир. Илмий салоҳият 30,0 фоизни  ташкил қилади. 2 нафар  профессор-ўқитувчилар эса  соатбай  асосда (1 нафар юридик фанлари доктори, профессор,  1 нафар юридик фанлари номзоди) фаолият юритмоқдалар.

Янги ташкил этилган юридик факультети 2019 йили тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган 300  ўринли  ўқув биноси ажратилган. Бинода 6 та маъруза зали, 6 та амалий машғулотлар хоналари, 2 та лингофон хонаси ҳамда А ва Б заллари 260 ўринли фаоллар залидан иборат. Ўқув хоналари фойдаланиш учун замонавий жиҳозлар, маъруза хоналарида 3 та электрон доска, 5 та видеопроектор, 2 та кенг экранли телевизор билан таъминланган. Бинонинг ҳар бир хонаси, ички йўлаклари  ташқи назорат видеокамералари билан жиҳозланган.

Шунингдек, юридик факультети биносида Wi-Fi роторлари ўрнатилган бўлиб, талабалар ундан самарали фойдаланмоқдалар.

Юридик факультети талабалари учун университет АРМ марказида 5500 дан ортиқ адабиётлар таъминланган. АРМдаги 62 та компьютерларига ва талабаларнинг “Ҳуқуқ зиёси” телеграмм мессенджерига  Тошкент давлат юридик университети электрон кутубхонасининг TSUL-Library иловаси жойлаштирилган.

         Ўқув жараёнлари ТДЮУ томонидан  тақдим этилган 5240100- “юриспруденция”(фаолият турлари бўйича) ДТС, малака талаблари  ва  намунавий  ўқув режа асосида кредит-модуль тизимида  амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари 2020 йил сентябрь ойида  ТДЮУ типографияси  томонидан  2018-2020 йиллар мобайнида  нашр этилган 9 номдаги дарслик ва  ўқув қўлланмалар келтирилиб, АРМга  жойлаштирилган, ундан  талабалар фойдаланишмоқда.

Талабаларни “Hemis” дастури асосида барча ўқув фанлари бўйича адабиётлар ва зарурий контентлар платформага киритилган.

Наманган давлат университети Ахборот-ресурс  марказида   ҳозирда юридик факультети талабалари учун Тошкент Давлат юридик университетидан 8 та фан бўйича модуль папкалар олинган. 2018-2019-2020 йилларда чоп этилган 9 номдаги юридик адабиётлар университет АРМга олиб келинган. Янги чоп этилган адабиётлар учун шартномалар имзоланган.

Юридик факультети талабаларининг 98 фоизи ахборот-ресурс марказига аъзо бўлган. Бундан ташқари, талабаларнинг АРМ марказидан унумли фойдаланишлари учун Тошкент давлат юридик университетининг  “TSUL LIBRARY” платформасига аъзоликлари ташкил этилган. Мазкур платформадан юридик факультети барча талабалари фойдаланишмоқда.

 

 Бахриддин Талапов, Наманган давлат университети юридик факультети декани, 
 Иброҳим Атамирзаев декан ўринбосари.