Ўзбекистон - қирғизистон: таълим истиқболлари янги босқичда

Ўзбекистон - қирғизистон: таълим истиқболлари янги босқичда

Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида икки давлат таълим истиқболлари янги босқичга кўтарилаётгани қувонарли.Бу ҳамкорлик ёшларнинг билим олиб, касб кўникмаларини мустаҳкамлаш борасида икки қўшни мамлакат дўстона алоқалари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Учқўрғон тумани халқ таълими бўлимига қарашли 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчилари ҳамда тумандаги иқтидорли ўқувчилари билан Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Шамалдисай туманидаги Фрунзе номидаги 8-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирокида кўп миллатли юртимизда миллатлар ҳамдўстлигини янада мустаҳкамлаш, келажакда ёш авлодни жамиятда муносиб ўрин топишида, юрт корига ярайдиган касб соҳиби бўлишларига қаратилган ZOOM дастури орқали “Келажакдаги касбим” мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Мактаб директори Акбермет Азимқулова, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Милена Кажормалиева, ташкилотчи Олеся Усенбаева, ижтимоий соҳа педагоги Токтобубу Качкинбаева, мактабнинг 10- ва 11-синф ўқувчилари ZOOM дастури орқали семинарда иштирок этишди.

Семинар давомида ўқувчиларимиз рус ва инглиз тилида суҳбат олиб бордилар, бир-бирлари билан фикр алмашдилар. Фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди. Мулоқот сўнгида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш, келгусида икки томоннинг мавжуд салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳисобига ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Наманган вилоят халқ таълими
бошқармаси Ахборот хизмати