Наманган давлат университетида «физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди

Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Наманган давлат университети томонидан «Физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Нуфузли халқаро анжуманда мамлакатимизнинг етук физик олимлари, академиклар, шунингдек, Чехия, Беларуссия, Малайзия, Россия, Марокаш, Туркия, Италия, Жанубий Корея ва бошқа хорижий давлатларнинг таниқли олимлари иштирок этди.

Наманган давлат университетида «физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Фото:Наманган давлат университети «Пресс клуб»

Шунингдек, халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзолари, илмий тадқиқот институтлари етакчи олимлари, хорижий давлатлар ва республикамиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш изланувчилар ҳамда иқтидорли талабалар ҳам қатнашди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар анжуман ўз олдига соҳада хорижий давлатлар ва республикамизда олиб борилаётган илмий изланишлар билан танишиш, физика фани олдидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, олимлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари ҳақида ўзаро фикрлар алмашишни мақсад қилиб қўйгани билан аҳамиятли эканини таъкидладилар.

Наманган давлат университетида «физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Фото:Наманган давлат университети «Пресс клуб»

Алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, халқаро илмий-амалий анжуманда яримўтказгичлар физикасининг фундаментал ва амалий муаммолари ҳамда замонавий тадқиқот усуллари, оптоэлектроника ва оптик сигналларни қайта ишлаш технологияси, ядро, юқори энергияли ва космик зарралар физикасининг муаммолари ва истиқболлари, назарий физика ва астрофизиканинг замонавий ютуқлари, тадқиқот усуллари ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш муаммолари, оқилона ечимлар, инновацион технологиялар, физика ва астрономияни ўқитишда замонавий педагогик ва рақамли таълим технологиялардан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқот ишлари муҳокама қилинди.

Наманган давлат университетида «физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Фото:Наманган давлат университети «Пресс клуб»

Уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги маърузаларда олимлар соҳадаги янги технологиялар, назарий ва экспериментал физикадаги сўнгги ютуқлар ҳақида сўз юритдилар. Уларда билдирилган ғоя ва таклифлар қизғин муҳокама қилинди ҳамда улар асосида илм-фан ва таълим соҳасида янги тенденциялар белгилаб олинди. Бу эса келгусида ўзаро тажриба алмашиш, соҳани янада ривожлантириш юзасидан янги истиқболларни очишга хизмат қилади.

Анжуман ялпи мажлиси ва ундаги маърузалардан сўнг ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида шўъбалар ўз ишини бошлади. Илмий-таҳлилий мунозараларга бой тарзда давом этган шўъба йиғилишларида самарали таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Наманган давлат университетида «физиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Фото:Наманган давлат университети «Пресс клуб»

Халқаро анжуман якунида республикамиз ва хорижнинг етакчи олимлари мавжуд замонавий  тадқиқот қурилмаларидан ҳамкорликда фойдаланиш, ўзаро ҳамкорлик  шартномалари асосида ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига ёрдам бериш, Ўзбекистонда ёш олимлар ва иқтидорли ёшларга берилаётган имкониятлардан кенг фойдаланиш ҳамда уларни хорижда илмий тадқиқотлар олиб боришлари учун кўпроқ жалб этиш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш борасида келишувларга эришдилар.