Электроскутерлар, шунингдек, электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кучга кирди. Бу воситалар ёруғлик қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланган бўлиши шарт. Уларда йўловчи ташиш тақиқланди. Бу ҳақда «gazeta.uz» хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга скутер ва шахсий ҳаракатланиш воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузишга оид ўзгартишлар киритилган қонунни имзолади. Ўзгартишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 16 июлда қабул қилинган ва Сенат томонидан 20 сентябрда маъқулланган. Улар 28 октябрдан эътиборан кучга кирди.
Қонунда таъкидланишича, электр двигатель ўрнатилган кичик ҳажмли транспорт воситалари ва шахсий ҳаракатланиш воситаларининг оммалашуви ортиб бораётгани сабабли улардан фойдаланиш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш зарурати юзага келди.
Скутерлар деганда электр двигатель ўрнатилган кичик ҳажмли транспорт воситалари, шахсий ҳаракатланиш воситалари деганда эса электр самокатлар, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдираклар ва бошқа шунга ўхшаш бир ёки бир нечта ғилдирак ёки роликли двигатель ўрнатилган воситалар тушунилади.
Янгиланган 138-моддага (пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш) кўра, скутерлар ва шахсий ҳаракатланиш воситаларини (мопедлар ва велосипедлар, от-араваларни бошқараётган ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахслар каби) бошқараётган шахслар томонидан йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслик, устунлик йўл белгилари, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя қилмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 1/3 қисми (ҳозирда 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шахсий ҳаракатланиш воситалари ва скутер ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун ҳам худди шундай жарима қўлланилади.
Скутер ва шахсий ҳаракатланиш воситасини (шунингдек мопед, велосипед ёки арава ҳайдовчи) бошқарувчи шахс томонидан алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки бошқа турдаги мастлик ҳолатида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Скутер ёки шахсий ҳаракатланиш воситасини (мопед ва велосипед каби) бошқараётган шахс томонидан мастлик ҳолати бўйича текширувдан ўтишдан бош тортиш (136-модда билан тўлдирилган) БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий баённома тузилади (махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техник воситалари билан қоидабузарликларни қайд этиш ҳоллари бундан мустасно). Аввалги кодекс йўловчи томонидан транспорт воситаси ҳаракатланаётган пайтда унинг тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариб юриши (жарима БҲМнинг 1 баравари — 375 минг сўмни ташкил этади) ва мопед, велосипед, уловли аравани ҳайдовчи томонидан алкоголь, гиёҳвандлик моддалари ёки бошқа тарзда мастлик ҳолатида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш (3 БҲМ) каби ҳолатлар бўйича баённома тузмасликка рухсат берарди.