1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?

Қонунчиликда 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун электр энергиясига тўловни чеклаш белгиланган. “Тоза макон биллинг” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан мазкур амалиётни татбиқ қилиш муддати кечиктирилди. Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда 1 ноябрдан чиқиндидан қарзи борлар тўлиқ электрдан узилиши ҳақида хабарлар тарқалди. 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан янги “Тоза макон биллинг” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 2024 йил 31 октябр соат 23:50 дан 5 ноябрь соат 23:50 гача профилактик ишлар олиб борилиши маълум қилинган. Ушбу вақт оралиғида барча турдаги тўловларни амалга оширишда ҳамда шахсий ҳисобрақамдаги мавжуд маълумотларни олиш, абонент тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, қўшиш ва ўчиришда вақтинчалик техник узилишлар бўлади.

“Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиниши натижасида кўпгина манбаларда чиқинди хизматидан қарзи бор фуқаролар электр энергиясидан ҳам узилиши ҳақида маълумотлар тарқалмоқда”, дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хабарида.

Айни пайтда эса қарздорлик бўйича огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган шахсларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиётини жорий этиш бўйича техник ишлар олиб бориляпти.

Чиқиндидан қарзи борлар электрдан узиладими?

«Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида қуйидагилар назарда тутилган эди:

2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;

2025 йилнинг 1 январидан эътиборан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга ошириш чекланади.

Қонунчиликда 1 ноябрдан бошлаб 3 ой давомида чиқинди учун пул тўламаган фуқароларга электр учун тўловларни амалга оширишга чеклов киритилган. Техник ишлар тугалланганидан кейин, бу норма амалиётга татбиқ этилиши мумкин.

Аввалроқ, санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги кескин ошиб, республика миқёсида жами 585 млрд сўмга етгани хабар қилинганди.