Энди йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда йўлнинг четки чап қисмида ҳаракатланган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилади. 2022 йил 1 майдан юк машиналарига йўлнинг чап томонидан ҳаракатланиши тақиқланган, аммо жарима кўзда тутилмаганди.

Эндиликда йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк автомобиллари ҳайдовчилари жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақидаги қўшимча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди ва 28 октябрдан кучга кирди.

Кодекснинг янгиланган 128-моддасига кўра, йўлнинг четки чап қаторида юк автомобилларининг ҳаракатланиши (чапга бурилиш ёки орқага қайрилиш каби рухсат этилган ҳолатлар бундан мустасно) энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари, яъни 187,5 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран қоидабузарлик БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар БҲМнинг 4 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумот ўрнида, йўл ҳаракати қоидаларига 2022 йил 1 майдан бошлаб «барча ҳолларда фақат четки ўнг қатор бўйлаб» (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган истиснолардан ташқари) юк автомобилларининг ҳаракатланиши тўғрисидаги талаб киритилганди. Шу пайтгача ҳайдовчиларни бу қоидабузарлик учун жазолаш имкони йўқ эди, чунки маъмурий кодексда санкциялар белгиланмаган.