Ёқилғи-энергетика ресурслари халқ бойлиги, уни қонунда белгиланган ҳолда тасарруф қилиш барчамизнинг бурчимиз. Бироқ, орамизда шу оддий ҳақиқатни унутган истеъмолчилар учраётгани ачинарли.
Наманган вилояти Учқўрғон туманининг Қурама маҳалласида иссиқхона хўжалигини юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Орифжон Болтабоев яширинча 22 миллиметрли қўшимча полиэтилен қувур тортиб, табиий газни ўғринча ишлатиб келаётгани аниқланди. Назоратчилар жорий йилнинг 14 октябрь куни тадбиркорнинг қинғир ишини ошкор қилди.
Мутахассислар қонунбузарнинг иссиқхонадаги тўртта иситиш қозонига фойдаланиб келган табиий газ ҳажмини қайта ҳисоб-китоб қилди: оз эмас, кўп эмас 716 минг кубометр чиқди. Буни пулга чақилса 3,2 миллиард сўмга тўғри келади. Ҳолат бўйича тегишли далолатнома тузилиб, ҳуқуқ идораларига топширилди.
– Бундай қинғирликлар кўпаётгани ташвишланарли, – дейди «Ҳудудгаз» Наманган вилоят филиали бўлим бошлиғи Элёр Иноятов – Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида вилоят бўйича ўтказилган рейд ва назорат текширувлари чоғида 919 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Уларнинг газ хўжалигига келтирган зарари 6,8 миллиард сўмдан ошади. Ажабланарлиси, улар орасида тадбиркорлик субъектлари анчагина.
Юқоридаги тадбиркорларга давлатимиз яратиб берилаётган енгиллик ва имтиёзлар камлик қилмаяптими? Инсофи борнинг баракаси бор. Шуни унутмайлик.