14 ноябрь – «Халқаро логопедлар куни» муносабати билан бугун педагогика факультети ташаббуси билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда битирувчи босқич талабаларидан иборат бўлажак дефектологлар томонидан фаолиятга доир кўргазмалар ташкил этилди.
Маълумки, Наманган давлат унверситетининг педагогика факультетида 2019 йилдан буён логопед –дефектолог мутахассислари тайёрланади. Сўнгги йилларда бу соҳа мутахассисларига талаб кескин кучайгани боис факультетда ўқитишнинг энг замонавий усуллари амалга татбиқ этиб келинмоқда. Натижада талабалар таҳсил давомида таълим муассасаларидаги жисмоний ёки руҳий ривожланишда орқада қоладиган болалар билан ихтисослашган машғулотларда иштирок этиб, мутахассислик бўйича малака ва тажрибага, асосийси, ҳозирданоқ ўз иш ўрнига эга бўлмоқдалар.
Тадбирда болаларда кузатиладиган нутқ камчиликларини бартараф этиш ва уларни ақлий ривожлантириш, болалардаги иккиламчи камчиликлар ҳамда психологик муаммолар устида ишлаш, логопед-дефектологнинг психолингвистика бўйича билимга эга бўлиши каби мавзуларда батафсил сўз юритилди.
Тадбирда талабалар томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Унда машғулотлар давомида қўлланилиши мумкин бўлган методлар саҳна кўринишлари орқали кўрсатиб берилди.