14 ноябрь — Халқаро социологлар куни
Жамият ривожи учун муҳим ҳисобланган “ижтимоий сиёсат”, “ижтимоий ҳимоя”, “ижтимоий шериклик” каби тушунчалар аввалгисидан фарқ қилиб, ҳаётимизда содир боълаётган ўзгаришларни тобора ўзида акс эттирмоқда.
Ижтимоий давлат – мамлакат моддий ва маънавий бойликлари ҳамда ресурсларига эга бўлиш борасида имконият, тенг шароитлар яратиш орқали инсонларнинг маиший ва ижтимоий ҳаётини фаровон қилиш, жамиятнинг моддий, ижтимоий, маънавий-интеллектуал жиҳатдан такомиллашганлик ҳолатига кўра адолатли табақаланишига эришиш, ижтимоий табақалар вакиллари турмуш тарзи ўртасидаги фарқларни қисқартириб бориш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларига кафолатланган ёрдам кўрсатиш тизимини жорий қилишга интилувчи институт ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам Президентимиз иқтисодий янгиланишларни ҳам, инвестициядан тортиб завод–фабрикалар қуришгача, ташқи сиёсатгача бўлган барча янгиланиш ва тараққиёт жароёнларини инсонни такомиллаштириш, яъни ижтимоий ривожланишдан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмаслигини таъкидламоқдилар. “Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-фан, маърифат ва инновация билан эриша оламиз”.
Социология жадал тараққиёт барометри
Социология фани бошқа ижтимоий фанлар каби воқеликни шу фан доирасидагина эмас, балки одамлар ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама, тўлалигича ўрганади. Социология фани инсон, жамият ва давлатнинг нафақат кечаги куни, балки бугуни ва эртасини ҳам бутун борича, тизимли равишда тадқиқ этади ва уни қандай қилиб яхшилаш, ижобий ўзгартириш, барқарор ривожлантириш имкониятларини илмий исботлаб, жамоатчилик эътиборига аниқ тавсия ва таклифларни чиқаради. Шу тариқа социология ҳаётда юз берган фактларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатларини пухта асослаб, жамиятга таҳдид солаётган инқирозий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда тараққиётга хизмат қилувчи ижобий тенденцияларни фаол қўллаб-қувватлаш имкониятларини чуқур назарий асослаб, уни фақат бир ёқлама фикр сифатида эмас, балки жамоатчилик фикри тарзида жамият миқёсида кенг ёйиш йўлидан боради.
Социологияда одамларнинг ўзаро ёқтириш туйғулари асосидаги бирлашувларини референт гуруҳлар атамаси орқали ўрганилади. Ҳаётда инсонлар икки, уч, узоғи билан тўрт кишилик кўнгилга яқин одамлардан иборат ўзаро аҳил кичик гуруҳларга бирлашадилар ҳамда мазкур гуруҳлар доирасида касбий, маиший ва ижтимоий масалаларни ўзаро ҳамкорликда ҳал этиб яшайдилар. Одамларнинг ўзларига мос одамларни топиб бирлашишлари мактабгача тарбия муассасаларидан бошланиб, кекса ёшга етганларида ҳам узлуксиз давом этади. Одамларнинг бундай ёқтириб бирлашиш ҳолатлари охир-оқибатда, ўзаро дўстлик даражасига ўсиб чиқиши кўп марталаб кузатилган. Агар адабий манбаларга мурожаат қилсак, “Ўтган кунлар” романидаги Отабек ва Ҳасанали образлари, Александр Дюманинг “Тўрт мушкетёр» романидаги Атос, Партос, Арамис Дартанян образлари ва бошқа кўплаб бадиий ва ҳаётий мисоллар одамларнинг референт гуруҳ ва сифатидаги бирлашишлари нечоғли муҳимлигини тасдиқлайди. Референт гуруҳлар одамлараро горизонтал боғланишларнинг энг оммавий ҳамда дунёдаги барча ҳолатлар учун хос бўлган ижтимоий шакл ҳисобланади.
Муносабатларнинг аффилиатив негизда йўлга қўйилиши
Жамиятдаги инсонларни бирлаштирадиган ва бир жойда сақлайдиган элементларни англатади. Ижтимоий жиҳатдан бир-бирига мос жамиятда барча шахс ва гуруҳларга мансублик, иштирок этиш, қўшилиш, тан олиш ва легитимлик ҳисси мавжуд. Ижтимоий жиҳатдан бир-бирига мос жамиятлар ҳам демографик жиҳатдан бир хил эмас. Аксинча, хилма-хилликни ҳурмат қилиш орқали улар ўзларининг ижтимоий хилма-хиллигига (ғоялар, фикрлар, кўникмалар ва бошқалар нуқтайи назаридан) эга бўлиш мумкин.
Муносабатларни аффилиатив негизда йўлга қўйилиши жамият аъзоларида мақсад бирлиги, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, одамларни рози қилиш, мақсадга йўналганликни келтириб чиқаради. Жамиятда турли қатлам ва табақа вакилларининг бир-бирига онгли тарзда аффилиатив муносабатда бўлиши яқин алоқаларни келтириб чиқаради. Аффилиация яқин алоқада бўлиш, иштирок этиш ҳамкорлик, шериклик, ҳатто ўзаро севги туйғусини ҳам ўз ичига олиб, ҳар доим позитив моҳиятга эгадир. Баъзи шахс омилини тадқиқ этган ғарб назариётчилари, хусусан, Генри Мюррей, инсоннинг асосий эҳтиёжи-мансубликни тасдиқлаш эканлигини илмий асослашга ҳаракат қилган. Уларнингча, тегишли туйғу, одамларнинг ўзига хос ва мос жамиятни излашга бўлган табиий мойиллиги кучли бирлаштириш қувватига эгадир. Аффилиация омилига шунингдек, мотивация ўзгарувчиси сифатида қаралади, айнан ана шу омил туфайли одамлар ўзларининг қандай иштимоий қатлам, гуруҳ, дид ва савияга мансубликларини англайдилар.
Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони социология фани ривожининг ўзига хос драйвери бўлди, десак янглишмаймиз.
Янги Ўзбекистонда бир томондан, камбағалликни қисқартириш, иккинчи томондан эса инсон капиталини юксалишга устувор аҳамият берилаётганининг асосида ҳам, энг аввало, эзгу ва умуминсоний қадриятларга таяниб иш тутилаётгани, Ватанимизда барқарор миллий тотувликни таъминлаш, инсон қадрини ошириш, одамларни рози қилиш ва барқарор ривожланишга эришиш ғояси мужассам.
Янги Ўзбекистонда замонавий, дунёвий ижтимоий давлат ва жамиятни барпо этиш вазифалари ижроси халқ билан самарали мулоқот қилиш билан бевосита боғлиқдир. Халқ билан мулоқот ижтимоий ҳодиса сифатида Янги Ўзбекистон давлати ва жамиятига хос хусусият сифатида юзага келди. Жаҳонда кескин давом этаётган глобаллашув жараёнлари ҳам кенг кўламли ҳам микромакондаги ижтимоий жараёнларга кучли салбий таъсирлари тобора кучайиб бориши сабабли шунга мос равишда уларга қарши таъсир кўрсатмоқда. Халқ билан мулоқот қилиш тизимини социология ва социологик тадқиқотлар доирасида ўрганилса, мулоқот моҳиятан жамоавий халқ бўлган миллатимиз турмуш тарзи, феъл-атворига доир муаммолар ечими учун ҳам қулай ижтимоий муҳит яратади.
Замонавий дунёнинг ижтимоий трансформацияси
Жамиятдаги трансформацион жараёнлар ўз навбатида ижобий ва салбий оқибатларга олиб келади. Бир томонидан бундай жараёнлар иқтисодий ўсишга, инновацияларга ва турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам берса, иккинчи томондан тенгсизлик, экологик муаммолар ва ижтимоий зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.
Трансформация шунчаки ислоҳот ёки ўзгариш жараёни эмас, балки жамият ва давлатнинг барча жабҳаларда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга бутунлай ўтиш жараёнидир. Трансформация жараёнида давлат ва жамият ҳаётида сифат ўзгаришлари кузатилади, яъни сифат жиҳатдан янги босқичга ўтилиш тушунилади.
Замонавий социологияда “ижтимоий трансформация” атамаси “инновация” ва “модернизация” тушунчаларининг модификацияси сифатида ҳам тадқиқотлар олиб борилади.
Социология бугунги дунёда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳолат ва маънавий-ахлоқий жараёнларнинг ҳозирги ҳолати, яқин ҳамда узоқ келажакдаги ўрни хусусида кенг жамоатчиликка ишонарли маълумотларни етказиб беришда катта аҳамиятга эгадир. Айни вақтда жаҳоннинг ривожланган ва тез ривожланаётган давлатларининг деярли барчаси социологик тадқиқотлар орқали амалга ошираётган стратегияларининг ижтимоий мақбуллиги, жамоатчилик фикри билан нечоғлиқ мослиги, муҳим масалаларни амалга ошириш олдидан ва бажарилиш пайтидаги тактик ўзгаришлар мантиғини ўрганиб, тегишли хулосалар қилиб боради.
Рақамли жамият даврида социомаданий қадриятлар манзараси
Ҳар қандай жамиятда ахборот ҳамиша мамлакат тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши ва сиёсий савиясининг шаклланишида асосий восита бўлиб хизмат қилиб келган. Ушбу ҳолат айниқса, шиддатли суръатлар билан ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида ҳар қачонгидан кўра кенг қулоч ёйиб бормоқда. Бинобарин, кундалик ҳаётнинг бирорта соҳасини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Бугунги шароитдаги янгиланишлар ва жамиятни модернизация этиш инсон онгида ҳам ўз ифодасини топмоқда, натижада эски стреотиплар ўзгариб, жамият аъзолари тафаккуридаги ижтимоий-маданий ўзгаришларни даврнинг позитив ҳодисаси сифатида баҳоламоқ жоиз. Замонавий ахборот маданияти тафаккурнинг янги тури сифатида мантиқий фикрлашни дунёни англашнинг янги усуллари билан уйғунлаштириб, инсон капиталининг асосий хусусиятларидан бирига айланиб бормоқда.
Глобал трансформацион жараёнларнинг бундай ўзгариши меҳнат ресурсларининг мобиллик кўрсаткичининг ўсишига олиб келади.
Хусусан, 2050-йилга келиб меҳнат ресурсларининг мобиллик кўрсаткичи 3 баробар ортиб, уларнинг ўртача ёши 40 ёшдан ошиши кутилмоқда. Жамиятда ижтимоий соҳаларининг бундай трансформацияси IT соҳасининг барқарор ривожланиб бориши ҳам таъсир кўрсатади. Жумладан, халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, 2030-йилга келиб IT соҳасида ҳар йили 11 трлн АҚШ доллари миқдорида даромад олинади.
Замонавий жамиятларда янги социомаданий қадриятларнинг шаклланиши, ота-оналар ва болалар, эркаклар ва аёллар социотипологик қиёфаларининг ўзгариши, ёшлар субмаданияти, гендер тенглиги, ташқи миграция, мультикултурализм ва бошқа муаммолар социологик тадқиқотларнинг асосий мавзуси бўлиб қолмоқда.
Социология каби бир нечта жамият учун ўта муҳим фанлар университетларнинг ўқув режасига киритилиши долзарб аҳамият касб этади. Шунигдек, назарий ҳам амалий тадқиқотлари билан ҳозирги пайтда амалга оширилаётган миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ривожланиш ғоясини ҳаётга тадбиқ этишда мавжуд барча имкониятларини амалга оширишда ушбу фаннинг заруратига ҳар доимгидан ҳам эҳтиёж ортиб бормоқда.
Халқпарвар давлатни ташкил этишда унинг муаммоларини тўғри аниқлаш ва ечим топиш учун Социология каби институтларни ташкил этилиши жуда зарур. Улар нафақат битта фуқаронинг бугунги муаммоси билан, балки жамиятга дахлдор умумманфаатлар билан дахлдор масалалар билан шуғулланади. Шунингдек, ҳар бир таълим муассасалараида социологик сўровлар ўтказиш, таҳлил қилиш ва олинган натижаларни тизимлаштиришга доир “консалтинг марказлар” ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,
социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент