Поклик - саломатлик демакдир!

Дунёда инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган турли касалликлар бор. Аммо шундай дардлар борки, улар аксарият ҳолларда поклик ва ҳалоллик чегараси бузилганда юқади. Унинг номи касаллик келтирадиган зарардан оғирроқ, азоблироқдир. Бу касалликнинг номи – ОИТС!

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Дунёда ОИВ инфекцияси эпидемияси тез суръатлар билан тарқалмоқда. Сўнгги 20 йил давомида ОИТСдан 20 млн.дан зиёд одам вафот этди, қарийб 50 млн. киши касалланди.

Шунинг учун ушбу инфекциянинг тарқалишига қарши курашишга бутун дунё давлатлари алоҳида эътибор қаратиб, ҳар йили 1 декабрь – «Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни»ни кенг нишонланмоқда.

Бу дард билан чалинган инсонлар қайсидир маънода жамиятдан узилиб қолгандай, ўзларини ёлғиз ҳис қилишади. Инсонлар бу касаллик билан чалинган беморлардан ўзларини олиб қочишади, раҳм-шафқат кўзлари билан боқади ва қайсидир маънода улардан нафратланади ҳам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фаҳшнинг энг каттаси зинодир». Демак, зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши шариатда мутлақо ҳаромдир. Исломда қайси бир амал инсонга ва инсоният жамиятига моддий ёки маънавий зарар келтирадиган бўлса, албатта у ҳаром қилинган. Зино ҳам одамларга моддий ва маънавий зарарлар келтиради ва улар орасида турли хил олдин кузатилмаган касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, билиб туриб ўзига зарар келтириш ҳам ҳаром ишдир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Исломда зарар бериш ва зарарланиш йўқдир», деб марҳамат қилганлар (Имом Молик ривояти).

Шуни унутмайликки, ОИВ ҳамда ОИТСга фақат чакки қадам эмас, балки эҳтиётсизлик ва инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган омиллар ҳам сабаб бўлиб қолмоқда. Стерилланмаган анжомлар воситасида тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатилиш жараёнида тери бутунлиги бузилган ҳолатларда бу вируснинг бегуноҳ инсонларга юқиши эҳтимоли жуда катта. Шунинг учун ҳам доим эҳтиёткор бўлишимиз, ҳаётда поклик ва ҳалолликка риоя этиб яшамоғимиз керак.

Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст туманидаги «Саид Насимхон тўра» жомеъ масжиди имом-хатиби.