Тиббиёт тизимидаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Наманган давлат университетида халқаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Қатор ривожланган давлатлар олий таълим муассасалари билан биргаликда амалга оширилаётган халқаро илмий лойиҳалар, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмишинуви, қўшма таълим дастурлари ўзининг кутилган самарасини бермоқда.
Кадрлар тайёрлаш салоҳиятини юқори баҳолаган ўнлаб мамлакатлар ёшлари эса олий таълимни айнан Наманган давлат университетида олишни истаётганликлари янада қувонарли. Ана шундай давлатлардан бири – Ҳиндистон. Шу кунларда ўқишга қабул қилинган 30 нафар ҳиндистонлик талаба Наманган давлат университетининг тиббиёт факультетидаги таҳсилни бошлади.
Ана шу ҳамкорлик доирасида юртимизга ташриф буюрган Ҳиндистон таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи KIMS ташкилоти таъсисчиси жаноб Шейх Фарок Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов билан учрашди.
Учрашув давомида С. Турғунов Ўзбекистон олий таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар, хусусан, олий таълим муассасалари фаолиятини кучайтириш, етук кадрлар тайёрлаш мақсадида халқаро ҳамкорликка кенг йўл очиш мақсадидаги чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди. Наманган давлат университетига академик ва молиявий мустақиллик берилгани, сўнгги вақт ичида талаб кучли бўлган соҳалар учун мутахассис-кадрлар етиштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталди.
Ўз навбатида, ҳиндистонлик меҳмон ҳам Ўзбекистон олий таълим тизими ва Наманган давлат университети фаолияти, вилоят тиббиётидаги ютуқлар хусусида ўз таассуротларини баён қилиб, талаба сифатида таҳсилни бошлаётган ҳиндистонлик ёшларни ўз йўналишлари бўйича билимли ва малакали шифокор бўлиб етишишига ишончи баландлигини мамнуният билан эътироф этиб ўтди.
Самимий мулоқот жараёнида таълим билан боғлиқ қатор масалалар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Айтиб ўтиш ўринлики, жорий ўқув йилида Наманган давлат университетининг тиббиёт факультетида 781 нафар талаба педиатрия, даволаш иши ва фармация йўналишларида таълим олмоқда. Энди улар сафига ҳиндистонлик 30 нафар хорижлик талабалар ҳам қўшилди.
Куни кеча университетда Ҳиндистон давлати таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи KIMS ташкилоти билан ҳамкорликка бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ҳамкор ташкилот вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тантанали тадбирни Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов очди ва ўз сўзида Ҳиндистон давлати таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи KIMS ташкилоти билан ҳамкорлик ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди.
Шунингдек, ректор Наманган давлат университетига бир неча йил аввал академик ва молиявий мустақиллик берилгани, сўнгги вақт ичида талаб кучли бўлган янги соҳалар учун мутахассис-кадрлар етиштирилаётгани, университетда талабалар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, келгусида халқаро ҳамкорлик кўлами янада кенгайишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Сўнгра Ҳиндистон давлати таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи KIMS ташкилоти таъсисчиси жаноб Шейх Фарок сўзга чиқди. Нуфузли меҳмон ўз сўзида Наманган ва унинг халқига ҳурмати баландлиги, қадриятларининг бебаҳо эканлиги, Наманган давлат университети юқори илмий салоҳиятга эгалиги, бу университет билан ҳамкорликнинг кутилганидан-да юқори самара беришига хизмат қилишини мамнуният билан эътироф этди.
Шундан кейин Наманган давлат университетининг тиббиёт факультетига ўқишга қабул қилинган 30 нафар ҳиндистонлик талабаларга махсус сертификатлар топширилди.
Қувонарлиси, ҳамкорлик доирасидаги ташриф давомида жаноб Шейх Фарок Наманган давлат университетининг 10 та факультетида таҳсил олаётган 10 нафар талабанинг бир йиллик тўлов шартнома маблағларини тўлаб берди. Тадбирда жаноб Шейх Фарокнинг ўзи ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлган талабаларга ваучерларни топширди.
Тантанада ҳиндистонлик талабалар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, Наманган давлат университетидаги шароитлар ва имкониятлар жуда манзур бўлганини таъкидлаб, кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.
Тадбирга бутун республикамизга таниқли “Ҳавас” гуруҳининг қўшиқлари байрамона файз бағишлади. Гуруҳнинг ҳинд тилидаги шўх қўшиқларига ўзбек ва ҳинд талабалар биргаликда рақс тушдилар.
Бугундан Наманган давлат университети талабалари сафига қўшилган ҳиндистонлик ёшлар таҳсилнинг илк куни шундай тантанали ташкил қилинганидан бениҳоя мамнун эканликларини изҳор этдилар.
– Бизни Наманган шаҳрига ташриф буюрганимизга бир неча кун бўлди, – дейди ҳиндистонлик талабалардан бири Жаи Суря Ведимутҳу. – Кўрсатилаётган эътибордан миннатдормиз. Сездикки, ўзбек ва ҳинд халқларининг қадрият ва анъаналари жуда ўхшаш. Айниқса, олий таълим олиш учун айнан Наманган давлат университетини танлаганимиздан хурсандмиз. Университетнинг замонавий бинолари, ўқув аудиториялари ва талабалар турар жойидаги шароитлар бизга манзур бўлди. Таълим жараёнлари ҳақида ҳам кўп маълумотга эга бўлдик. Барчамизда бу ерда таълим олиб, тиббиёт соҳасида ўз ўрнига мутахассислар бўлиб етишишимизга бўлган ишонч янада ортди.
Тантанадан сўнг тиббиёт факультетида ҳиндистонлик ёшлар тиюбиёт факультетига ташриф буюрди. Улар аудиториялардаги шароитлар билан танишди.
Ўз навбатида, ректор хорижлик талабалар билан суҳбалашди. Уларга университетдаги шарт-шароитлар, мавжуд тартиб-қоидалар, таълим жараёнлари ҳақида маълумот бериб, тиббиёт йўналишида етук кадрлаш тайёрлаш мақсадида йирик тиббиёт клиникаларида амалиёт ўтказилиши, факультетнинг ўзида ҳам клиника ташкил этилганини айтиб ўтди.
Суҳбат давомида талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Сўнгра ҳиндистонлик талабалар учун дарс машғулотлари бошланди. Педиатрия, даволаш иши ва фармация йўналишларидаги дарс машғулотлари малакали мутахассислар томонидан инглиз тилида олиб борилади.