Президентимиз таклифи ва ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз!

Муносабат

Бугун Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида қатор масалалар сирасида ер юзидаги иқлим ўзгаришлари ва унинг мамлакатлар ҳаёти ҳамда ривожига салбий таъсирига батафсил тўхталди.

“Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. Бунга жавобан мамлакатимизда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланди. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда”, деди Президентимиз ўз нутқида.

Муҳтарам Юртбошимиз бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Ушбу таклиф йиғилиш иштирокчилари ва уни кузатиб турган халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Дарвоқе, бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Бундай диспропорция дунё мамлакатларини танг аҳволга солиб қўяётгани бор гап. Аввало, глобал экологик муаммоларнинг кескинлашувини кузатяпмиз. Экспертлар вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида “яшил тараққиёт” тамойилларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Шунинг учун мажлисда ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди. Ушбу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.

Бизга яхши маълумки, “Яшил иқтисодиёт”нинг муҳим компоненти қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва фойдаланишдан иборат. Бу жиҳатдан мамлакатимизнинг салоҳияти анча юқори. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш энергияси)нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч карра кўп. Боз устига, “яшил энергетика” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистонда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради. Бу иқтисодиёт учун жуда катта фойда демакдир.

Албатта, “яшил иқтисодиёт” фақат энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан иборат эмас. Унинг ичига тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кўп қиррали ва кенг тармоқли чора-тадбирлар киради. “Яшил иқтисодиёт”дан давлат ёки бизнес эмас, балки, энг аввало, оддий одамлар фойда кўради. Унинг ижтимоий аҳамияти ҳам шунда. Жаҳон тажрибасидан маълум бўлишича, иқтисодиётнинг турли тармоқларида “яшил технологиялар”ни жорий этиш аҳолининг яшаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу маънода 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб ном берилиши кўп минг кишилик Наманган давлат университети жамоасини ҳам беҳад қувонтирди. Мазкур йўналишдаги амалий ишларга аллақачон киришганимиз ва бу ўзининг кутилган самарасини бераётгани бизга янада куч-ғайрат, шижоат бағишлайди.

Маълумки, Наманган давлат университетида ўтган йил бошида салкам 4 гектар ерда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Экобоғ” барпо этилди. Фойдаланишга яроқсиз, тошлоқ ерларни қайта ўзлаштириш асосида бунёд этилган мазкур ноодатий боғ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эътироф этилди. Шунингдек, водий ва вилоятдаги олий таълим муассасалари томонидан қўллаб-қувватланди.

“Экобоғ” ҳудудига дунёнинг 5 та минтақасида ўсадиган 86 ноёб турдаги 986 туп дарахт ва буталар, шунингдек, мингдан ортиқ декоратив гуллар экилган. Ҳар бир ниҳолга рақамлаштириш асосида QR код ўрнатилган. Бу ерда 17 та фандан тажриба-синов ва очиқ амалий машғулотларни ташкил этиш учун имконият мавжуд. Ўз навбатида, “Экобоғ”дан манзарали ўсимликларни етиштириш ва парваришлашга оид очиқ тажриба участкаси сифатида фойдаланилмоқда. Яқин вақт ичида эса ўсимликларни биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтиришга ихтисослашган 125 ўринга мўлжалланган 6 та ўқув ва илмий-тадқиқот лаборатория хоналари ҳамда ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимликлар коллекцияси ҳам ташкил этилади.

Қолаверса, Наманган давлат университетида биотехнология ва экология факультетларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, “яшил иқтисодиёт” – бутун дунё олдидаги талаб. Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтаётганлиги нафақат унинг дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузини янада оширади, балки халқимизнинг саломатлиги, фаровон ва узоқ умр кўришига замин яратади.

Собитхон ТУРҒУНОВ,
Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор.