Айни кунларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги катта тантана билан нишонланмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Президент Фармойиши асосида олий таълим муассасаларида ҳам «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, бугун Наманган давлат университетида ҳам ушбу муҳим сана муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмуни, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотларнинг Бош Қомусимиз моҳиятига ҳамоҳанглиги, сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда Конституциянинг ўрни бениҳоя катта экани ҳақида ўз фикрларини баён этдилар.
Шунингдек, давра суҳбатида янги таҳрирдаги Конституция асосида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлиги, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилаётганлиги, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимояси таъминланаётганлиги ва барча соҳаларда фуқаролар манфаати қонун муҳофазасида эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, талабалар ҳам мавзу доирасида фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлар жавоб олдилар.
Сана муносабати билан университетнинг барча факультетларида кўргазмали тарғибот тадбирлари, «Конституция билимдони» номи остида интеллектуал ўйин ва викториналар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, университетнинг юридик факультети талабалари ўртасида “Қомусий салатлар» танлови ўтказилди. Ноодатий тарзда ташкил этилган танловда талабалар томонидан тайёрланган, Конституциямиз ҳамда унда ифодаланган боб ва моддалар мазмуни акс эттирилган ширинликлар ва салатлар омма эътиборига намойиш этилди. Талабалар ўзлари тайёрлаган пазандачилик намуналарини изоҳлаб бердилар. Ҳакамлар билимдонлик ва маҳорат уйғунлашган ширинликлар ва салатларни баҳолаб бордилар. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Университетда бу каби тадбирлар давом этмоқда.