Муҳтарам Президентимизнинг 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан ўқидим.
Ушбу табрикда, аввало, ушбу байрам айёмининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда катта ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий бир шароитда ўтаётгани билан боғлиқлиги қайд этилади. Жумладан, жорий йилда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда халқимизнинг сиёсий фаоллиги юксак даражада бўлганлиги, юртимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар натижасида том маънода янги вакиллик тизими шаклланганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга маҳаллий кенгашлар фаолияти ва ваколатининг кенгайиши, ҳокимларнинг бир вақтни ўзида маҳаллий кенгашларга ҳам раҳбарлик қилиб келган амалиётидан ушбу органларга илк бор депутатлар орасидан сайланган кенгаш раиси бошчилик қиладиган янги тизимга ўтилаётгани, ҳокимларнинг 30 дан зиёд ваколатлари маҳаллий кенгашларга ўтказилгани ижтимоий ҳаётимизда демократия, халқпарварлик тамойиллари тобора кенг ўрин олаётганидан далолат бериши ҳақли тарзда айтиб ўтилди.
Янги Ўзбекистонда бу борадаги тизимли ислоҳотлар давом этиши, парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш, самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, бир сўз билан айтганда, уларни чинакам халқ овозига айлантиришга қаратилган ислоҳотларни қатъий давом эттиришнинг таъкидлангани эса биз депутатларга катта масъулият юклайди. Бу ўз навбатида фаолиятимиз давомида халқимиз розилигини олиш учун бор имкониятларни ишга солишимиз, сайловчиларни ишончини оқлаш учун фидоийлик билан ишлашимиз лозимлигини англатади.
Яна бир муҳим жиҳат. Ушбу табрикда Янги Ўзбекистонда ижтимоий соҳага алоҳида эътибор берилаётгани, хусусан мактабгача таълимда қамровни 74 фоиздан, олий таълимда эса 39 фоиздан ошгани, таълим соҳасидаги дастурлар доирасида яқин йилларда олийгоҳларда қамров 50 фоизга етказилиши, биргина 2025 йилда боғча ва мактабларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш учун давлат бюджетидан 4 триллион сўм маблағ ажратилганлиги қайд этилди. Бу эса тараққиётга фақатгина таълимни ривожлантириш орқали эришиш мумкинлигини кўрсатиб бермоқда. Албатта, бу соҳадаги изчил ислоҳотлар мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишда катта аҳамият касб этади.
Табрикда юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг бу муқаддас ва ноёб қомуснинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиши, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барча учун муқаддас бурч ва мезонга айланиши лозимлиги айтиб ўтилди. Бу эса олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар ўртасида Конституциянинг мазмун-моҳияти бўйича тарғибот ишларини янада кучайтиришни, уни ўрганишда янги, ноанъанавий методлардан фойдаланиш кераклигини билдиради.
Президентимизнинг мазкур табриклари халқимизни Бош қомусимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғусини янада кучайтириш билан бирга, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда инсон қадри улуғлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
Наримон Дехканов,
Наманган давлат университети биринчи проректори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати.