Халқ иродаси ва демократик янгиланишларнинг яққол ифодаси

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан халқимизга  йўллаган байрам табриги Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-иқтисодий  тараққиётини реал  акс эттирган муҳим маънавий-сиёсий, фалсафий ҳужжат сифатида халқимиз ва кенг жамоатчиликка манзур бўлди. Табрикни фалсафа нуқтаи назаридан мушоҳада қилиб, таъкидлаш жоизки, у бир-нечта асосий ғоя ва тамойилларни ўзида мужассам этган. Бу ғоя ва тамойилларни чуқурроқ таҳлил этиш мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий тараққиёт моҳиятини янада теран тушунишга ёрдам беради.

Биринчидан, табрикда инсон қадри ва қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш тамойили юксак қадрият эканлиги таъкидланган. Бу тамойил инсон ҳақ-ҳуқуқлари концепциясининг миллий қонунчиликка интеграцияси сифатида талқин қилиниши мумкин. Янгиланган Конституцияда инсон қадрига берилган аҳамият бугунги замон фалсафасидаги гуманизм ва адолат ғояларининг амалий ифодаси ҳисобланади.  Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кенгайтиришга қаратилган нормаларнинг 3,5 баравар кўпайганлиги мамлакатда ҳуқуқий давлатни барпо этишга, демократияни ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган янада кучли эътиборни кўрсатади. Бу ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро миқёсдаги ҳуқуқий позициясини мустаҳкамлашга, инсон ҳуқуқларининг амалга оширилишида янада аниқлик ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, табрикда Конституциянинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги ролини кучайтиришга қаратилган ҳаракатлар алоҳида қайд этилган. Демократия ва халқпарварлик тамойиллари фалсафий нуқтаи назардан қаралганда, жамиятдаги ижтимоий адолат, тенглик ва эркинлик ғояларининг амалга ошишига замин яратади. Президентимиз томонидан таъкидланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган тамойил Жан Жак Руссо каби фалсафий арбобларнинг ижтимоий шартнома ғоялари билан уйғунликда кўринади.

Эътиборлиси шундаки, Конституциянинг 1-моддасидаёқ Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилади. Агар   ушбу  моддадаги Ўзбекистоннинг бошқаруви республика шаклидан иборат эканлигига  эътибор қаратилса, унинг давлат бошқарувида ҳокимиятнинг олий манбаи халқ эканини билдиришни англаш мумкин. Республикада президент, парламент ва бошқа органлар халқ томонидан сайланади.

 Шу билан бирга, республикада ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини таъминлашга давлат идораларининг масъуллиги мустаҳкамланган.

Демократик  давлат эканлиги эса ҳокимиятнинг халқ томонидан, халқ учун ва халқ билан амалга оширилиши, бу давлатда сиёсий хуқуқлар, эркинликлар ва фуқаролик жамиятининг ривожланиши кафолатланганлигини, қонунлар барча фуқароларга бир хил татбиқ қилиниши, шунингдек, суд тизими мустақил ва адолатли бўлишини ифодлайди.

Учинчидан, табрикда иқтисодий тараққиёт ва маънавий юксалишга алоҳида эътибор қаратилган. Иқтисодиётнинг икки баробар ўсиши ва камбағаллик даражасининг пасайиши фақат иқтисодий сиёсат эмас, балки маънавий тараққиётнинг ҳам самараси сифатида баҳоланади. Президент табригида бу жараёнлар шахс ва жамиятнинг барқарорлиги ҳамда уйғунлигига хизмат қилиши алоҳида урғу берилган.

Тўртинчидан, эътибордаги масала ижтимоий адолат ва инклюзивлик бўлиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш каби вазифалар, инклюзив жамият қуришга қаратилган амалий ҳаракатлардан далолат беради. Бу тамойил фалсафий жиҳатдан қараганда, жамиятдаги барча аъзоларнинг тенглиги ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ғояси билан уйғун.

Бешинчидан, табрикда 2025 йилнинг «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилиниши келажак авлод учун жавобгарлик ғоясининг амалий қўлланилиши сифатида намоён бўлади. Бу қараш табиат ва инсон ўртасидаги уйғунлик фалсафасини ифодалайди, шунингдек, глобал миқёсда барқарор ривожланиш тамойилларига мос келади.

Олтинчидан, тараққиёт йўлида халқнинг ўрни алоҳида экани таъкидланиб, Президент халқни фаол иштирок этишга чорлайди, жамиятнинг ҳар бир аъзосини ўз тақдири учун масъуллик ҳис қилишга ундайди. Бу юксак даражадаги маънавий ва маърифий ёндашув бўлиб, жамиятни бирлаштириш ва умумий мақсадларга эришишга қаратилган.

Мазкур байрам табригида фалсафий жиҳатлар яққол намоён бўлиб, улар инсон қадри, ҳуқуқий ва маънавий юксалиш, ижтимоий адолат, ҳамжиҳатлик ва экологик масъулият каби тамойилларни ўзида мужассам этган. Бу ғоялар Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида асосий йўналишлар сифатида ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг фундаментал асосини ташкил этади. Президент табригида ушбу ғояларнинг амалий қўлланилиши мамлакатда демократик ва адолатли жамият қуриш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Баҳриддин ТАЛАПОВ,
Наманган давлат университети профессор,
фалсафа фанлари доктори (
DSc).