Ногиронлиги бўлган шахсларга катта имкониятлар яратилади

Куни кеча Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши ҳам таҳлил қилинди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан халқ саломатлигини сақлашга катта эътибор қаратилаётгани боис республика тиббиёти кун сайин дунё стандартлари даражасида яқинлашмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 26 октябрдаги «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-411-сонли қарори тиббиётдаги ислоҳотлар давомийлиги ва натижадорлигига ўзининг ижобий таъсирини ўтказди.

Ушбу қарорга мувофиқ, давлат тиббий суғурта жамғармаси молиялаштирган маблағлар ҳисобидан биргина Наманган давлат университетининг клиник фанлар базаси бўлмиш Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида 120 нафар беморга юқори технологик эндопротезлаш амалиёти ўтказилган бўлса, маҳаллий бюджет ҳисобидан 25 та амалиёт бажарилди. Айниқса, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож беморларга кўрсатилган юқори технологик амалиётлар уларнинг ҳаётини яхшилашга катта ёрдам берди. Амалиётдан сўнг реаблитация жараёни давом эттирилаётганлиги туфайли беморлар соғлиғининг қайта тикланиш жараёни анча тезлашмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, республика бўйича 33 та туманда ногиронлиги бор беморларни реабилитация қамрови бир фоизга ҳам етмаслиги танқид остига олинди ва масъулларга келгуси йилда реабилитация бўйича кескин ўзгариш қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилиши ва 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамровини беш карра ошириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, ногиронлиги бор беморларга психологик ёрдам бериш ва уларни руҳлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сир эмас, бундай беморларда ишонч етишмаслиги сабабли уларда фаоллик сезилмайди. Уларни руҳлантириш орқали ҳаётда фаол бўлишга йўллаш мумкин. Президентимиз таъкидлаганидек, ўзида куч топиб, оғир вазиятдан чиқиб, қаҳрамонлик кўрсатаётган инсонлар жуда кўп. Масалан, дунёнинг энг руҳлантирувчи «ТОП-100 нафар аёли» рўйхатига кирган деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишлари эътироф этилди. Бу аёл ногиронлиги бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни иш билан таъминлаган. «Мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатсак, улар билан ҳар қанча фаҳрлансак арзийди», деди давлатимиз раҳбари ва Дилором Йўлдошевани «Мардлик» ордени билан мукофотлади. Бу ташаббус орамиздаги жуда кўп ногиронлиги бўлган шахсларга катта куч ва мотивация бериши, шубҳасиз.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда замонавий ортопедияда чаноқ-сон бўғимларини эндопротезлаш жарроҳлик амалиётларига кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 1990 йилда Ер шарида 1,7 миллион одамда сон суягининг проксимал қисмининг синиши кузатилган, шундан 95 фоизи ёши 50 ёшдан ошган кишиларга тўғри келган. Йирик бўғимларни эндопротезлаш усули ёрдамида травма ва инфекцион асоратлар, асептик некроз, ревматоид артрит ва йирик бўғим касалликлари билан оғриган минглаб беморларни нормал ҳаётга ва фаолиятга қайтариш мумкин. Бу ягона усул ҳисобланади. Бунда чет элдаги таниқли фирмалардан келтирилган эндопротезлар юқори самара беради.

Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаа ушбу йўналишда жарроҳлик амалиётларининг юқори технология асосида амалга оширилиши учун малакали мутахассислар етарли. Улар замонавий диагностика, анестизиология жиҳозлари ёрдамида ўз вазифаларини аъло даражада бажармоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий соҳа натижадорлиги бўйича ўтказилган йиғилишда тиббиёт соҳаси учун ҳам янги вазифалар белгилаб берилди. Унга кўра, келгусида ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилади. Натижада йил бошидаёқ 100 минг беморнинг бу борадаги эҳтиёжи қондирилади. Бундай эътибор эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган ҳамюртларимизни ҳаётдан рози яшаши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига замин яратади.

Содиқжон АБДУЛЛАЕВ,
Наманган давлат университети
тиббиёт факультети  катта ўқитувчиси.