Давлат дастури - барқарор тараққиётни аниқ ва манзилли амалга ошириш учун асос

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди ва бу борада махсус Давлат дастурини тасдиқлашга оид фармон лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу лойиҳа нафақат стратегик аҳамиятга эга, балки мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишини белгилаб берувчи ҳужжат сифатида долзарб саналади. Ҳозирда лойиҳа кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида муҳокамага қўйилиб, унинг янада мукаммал бўлиши учун таклифлар қабул қилинмоқда.

Давлат дастури барча соҳаларда тизимли ва изчил ёндашувни таъминлашга қаратилган. Ундаги асосий мақсадлар Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш ва келажак авлодга мустаҳкам билим ҳамда кўникмалар берадиган замонавий таълим тизимини шакллантиришдир. Ушбу вазифалар миллий иқтисодиётда «яшил» технологияларни кенг жорий этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш каби йўналишлар билан уйғунлашган.

Таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлат дастурида таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда таълим фақатгина назарий билим бериш билан чекланиб қолмаслиги, балки амалий кўникмаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши лозим. Шу сабабли таълим соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар назарда тутилган. Таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот технологияларини ўқув жараёнларига кенг жорий этиш, уй шароитида таълим оладиган ўқувчилар учун электрон дарсликлар ва интерактив платформалар яратиш кабилар режалаштирилган.

Шунингдек, мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган барча босқичларда янги авлод ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ишлаб чиқилиши белгиланган. Бу жараён нафақат таълим сифатини оширади, балки ёш авлодни замон билан ҳамнафас ривожланишига, уларнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини кенг очиб беришга хизмат қилади.

Давлат дастури таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчининг манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратишни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун таълим тизимининг ҳар бир иштирокчиси бу жараённинг тўлиқ қамровлилигидан баҳраманд бўлиши муҳим.

Дастурда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, айниқса, «яшил» иқтисодиётнинг жорий этилишига алоҳида урғу берилган. Энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар белгиланган. Атроф-муҳитни асрашга қаратилган бундай ёндашувлар нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки аҳолининг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди.

Давлат дастурининг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилгани, бу жараённи халққа яқинлаштириш ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу эса Давлат дастурини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжлари ҳамда истакларига асосланган лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Халқнинг сиёсий фаоллиги ва иштироки давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада самарали ва натижадор бўлишини таъминлайди.

Аҳмадбек Анваржонов,
Юридик факультети талабаси