Жорий йилнинг 13-15 январь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирлигида бўлди. Бу ташриф ҳар икки мамлакатнинг ҳамкорлик алоқаларида янги даврни бошлаб берди. Шу билан бирга икки томонлама муносабатларнинг стратегик шериклик даражасига кўтарилаётганини кўрсатиб берди.
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” халқаро саммитининг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Мазкур нутқ давомида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда минтақада ечимини кутаётган муаммолар ва уларнинг ечими билан боғлиқ ташаббуслар илгари сурилди.
Аввало таъкидлаш лозимки, Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги – бу 2008 йилда БАА ҳукумати ва “Masdar” компанияси томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этилган халқаро платформа ҳисобланади. Форумнинг мақсади эса жаҳонда барқарор тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишга кўмаклашиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежамкорлиги ва карбонсизлантиришни илгари суришдан иборат.
Навбатдаги саммит кун тартибига “яшил” иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари киритилди.
Президентимиз ўз нутқида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартлари сифатида энергетика манбаларини диверсификация қилиш, уларнинг балансида углеводород улушини кескин камайтириш эканлигини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтиш эканлиги, шу боис 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганлиги таъкидланди.
Айни пайтда мамлакатда “Яшил макон” дастурининг жорий этилганлиги, шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантирилиши, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни 100 фоиз татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани саммит иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Президент Ш.Мирзиёев ҳозирги кунда “яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилганини қайд этар экан, бир қатор ташаббусларни илгари сурди:
- хорижий ҳамкорлар билан 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш;
- мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза энергия” марказларидан бирига айлантириш;
- Қадимги Буюк Ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлидаги ишларни янада жадаллаштириш, “COP-29” доирасида қозоғистонлик ва озарбайжонлик ҳамкорлар билан имзоланган кўп томонлама битим орқали Европага “яшил” энергияни экспорт қилиш;
- глобал саммит ташкилотчиси – “Masdar” компанияси билан 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимларини барпо этиш.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббусларнинг амалиётга жорий этилиши энергетика соҳасидаги муаммоларни ҳал этилишида муҳим омил бўлади.
Саммит давомида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантириш, бу борада мамлакатда 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика ишлаб чиқариш салоҳияти мавжудлиги, бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкорга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан анжуманда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган “Яшил” университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирган ҳолда Университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратишни таклиф этилиши иштирокчилар томонидан илиқ қабул қилинди.
Шунингдек, Ш. Мирзиёев жорий йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепциясини тақдим этилишини билдириб, 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида бўладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалига барчани таклиф этди.
Президентимизнинг мазкур саммитдаги нутқи Ўзбекистоннинг минтақада иқтисодиёт, энергетика ва экологик барқарорликни таъминлаш соҳасида аниқ концепцияга эга эканлигини ҳамда бу борада самимий ва очиқ ҳамкорликка тайёрлигини кўрсатиб берди.
Наримон ДЕХКАНОВ,
Наманган давлат университети профессори, сиёсий фанлар доктори,
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати.