НамДУ талабаси чиқинди ташиш тизимини рақамлаштириш бўйича инновацион ғоя яратди!

Ўзбекистонда аҳоли сони кундан-кунга кўпаймоқда. Ўз навбатида, янги истиқомат пунктлари пайдо бўлаяпти, яшаш ҳудудлари тобора кенгаймоқда. Бу эса экологик муаммоларни янада самаралироқ ҳал этиш вазифасини олдимизга қўймоқда. Улардан бири – чиқиндиларни ташиш тизимини такомиллаштириш.

Маълумки, республикамизда аҳоли яшаш ҳудудларидаги чиқиндиларни ташиш тегишли ташкилотлар томонидан махсус жадвал асосида амалга оширилади. Бироқ бу график тизими самарадорлик жиҳатидан камчиликлардан ҳоли эмас. Масалан, чиқинди идишлари ҳали тўлмаган бўлса ҳам, махсус автотранспорт воситалари ортиқча вақт, ёқилғи, ишчи кучи сарфлаб режадаги манзилларга боришга мажбур. Ёки аксинча, чиқинди қутилари тўлганига анча вақт бўлган бўлса ҳам, ташиш  хизмати графикда қайд этилмагани туфайли кечикади.  Бу эса чиқиндиларнинг атмосферани бир неча кун давомида ифлослантиришига, турли ҳашаротларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Наманган давлат университети «Инновацион клуб» раҳбари Улуғбек Турдалиев раҳбарлигида клуб аъзоси, физика йўналиши 3-босқич талабаси Севинч Турсуналиева томонидан яратилган «Маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш тизимини рақамлаштириш» лойиҳаси айни шу муаммони ҳал қилишга қаратилган.

Лойиҳа лазер детекторлари орқали чиқинди идишларининг тўлиш даражасини аниқлаш ва бу ҳақда марказий серверга маълумот жўнатишни кўзда тутади. Ушбу қурилма чиқинди ташиш билан шуғулланадиган ташкилотларга чиқиндиларни самарали бошқариш имконини беради.

–  Аниқроқ айтадиган бўлсак, масофа датчиги чиқинди идишини доимий кузатиб боради ва у тўлганда, марказий серверга «Чиқинди қутиси тўлган!» деган хабарни юборади. Агар идиш тўлмаган бўлса ва бошқа муаммо юзага келган бўлса, махсус тугма орқали «Чиқинди қутиси тўлган ёки бошқа муаммо бўлиши мумкин!» деган маълумот серверга узатилади – дейди, Севинч Турсуналиева.

Дарвоқе, бу жараёнда GSМ модуль ёрдамида чиқинди идишининг жойлашуви ҳам марказий серверга етказилади, натижада автотранспорт воситалари тўпланган чиқиндиларни қисқа вақт ичида ташиб чиқиб кетиши мумкин бўлади.

Бу лойиҳа амалга оширилиши натижасида нафақат ресурслардан самарали фойдаланилади, балки аҳоли зич жойлашган ҳудудларда чиқиндилар узоқ вақт тўпланиб қолиши, натижада атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, нохуш ҳидлар тарқалиши ва турли бактериялар тарқалиши, шунингдек, фуқаролар норозилигининг олди олинади. Табиийки, лойиҳа аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар келиб чиқиши хавфи ҳам камайишига ҳам хизмат қилади.

Севинч ва унинг устози яратган лойиҳани ҳозирча Наманган шаҳри миқёсида амалга татбиқ этиш режалаштирилган. Келгусида лойиҳа янада такомиллаштирилади ва бошқа ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкони яратилади.