Келажакда қайси касблар яшаб қолмаслиги мумкин?

Талаба мулоҳазаси

Замон ўзгарар экан, эҳтиёжлар ҳам, улар асосида шаклланувчи касблар ҳам ўзгаради. Йигирма биринчи аср технологиялари – сунъий интеллект, робототехника, рақамли тизимлар – кўплаб анъанавий мутахассисликларни йўқ қилмоқда. Бироқ бу жараён хавф эмас, имкониятдир.

Бугун ёшлардан замонавий касбларни танлаш, мослашиш ва узлуксиз ўрганиш талаби кучаймоқда. Мозийга назар ташласак, инсоният тарихидаги биринчи касблар деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик ва овчилик бўлган. Бу касблар тўғридан-тўғри тирикчилик учун зарур эди. Кейинчалик эса жамият ривожлангани сари кулоллар, темирчилар, заргарлик, табиблик каби аниқ ихтисослашган соҳалар шаклланди. Бу касбларнинг аксарияти қўлда меҳнат қилишга асосланган эди…

Замон тинмай олға силжийди. Бугунги кунда инсоният янги бир босқичда – сунъий онг, рақамли дунё ва автоматлаштирилган ҳаёт даражасида яшамоқда. Эндиликда энг қадрли бойлик – бу билим, фикрлаш ва янгиланиш қобилиятидир. Қуйида биз йўқолиб бораётган ва янги юзага чиқаётган касблар ҳақида сўз юритамиз. Бу ёшлар учун манфаатли бўлади, деган умиддамиз.

Автоматлаштириш қурбони бўлган соҳалар

 Ҳозирги рақамли инқилоб шунчалик кучлики, кечагина долзарб бўлган кўплаб касблар бугун секин-аста меҳнат бозоридан сиқиб чиқарилмоқда. Бу, асосан, автоматлаштириш ва сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ. Қуйидаги касблар яқин 10-20 йил ичида деярли йўқолиши ёки кескин қисқариши кутилмоқда:

Кассирлар: супермаркетлар ва дўконларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кассалари кенг жорий этилмоқда. Интернет-дўконлар эса бу касбга эҳтиёжни бутунлай камайтирмоқда.

Банк ходимлари: онлайн банкинг, мобил иловалар, автоматлаштирилган тўлов тизимлари сабаб банк филиалларига бориш зарурати йўқолмоқда.

Ҳайдовчилар (таксичи, юк машинаси ҳайдовчилари): автопилот тизимлари ривожланмоқда. Масалан, Тесла, Гоогле ва бошқа компаниялар ҳайдовчисиз машиналарни тест қилмоқда.

Қўнғироқ маркази операторлари: АИ чатботлар, овозли жавоб тизимлари (ИВР) мижозлар билан суҳбатлашиш ишларини автоматлаштириб бўлмоқда.

Омборчи ва йиғувчилар: “Амазон” ва бошқа йирик компаниялар омборларини роботлар ёрдамида бошқаришни бошлади.

Бундай касбларнинг йўқолиши замон талаби, лекин бу бўшлиқлар ўрнини янги имкониятлар эгалламоқда.

Келажак касблари: янгиликни яратувчи мутахассисликлар

 Технологик тараққиёт янги муаммолар, эҳтиёжлар ва имкониятларни келтириб чиқармоқда. Уларни ҳал қилиш учун эса замонавий билимга эга мутахассислар талаб қилинмоқда. Қуйида келажакда оммалашадиган ва юқори маошли бўлиши кутилаётган соҳалар билан танишинг:

Сунъий интеллект муҳандислари (АИ энгинеэр): АИ тизимларини яратиш, ўргатиш ва уларни оптималлаштириш устида ишлайдиган мутахассислар.

Киберхавфсизлик мутахассислари: онлайн таҳдидлар кучаяётган даврда маълумотларни ҳимоя қилиш жуда муҳим. Шу сабабли бу соҳа энг тез ўсаётганларидан бири.

Маълумотлар аналитиклари (Дата аналйст/сcиентист): катта ҳажмдаги маълумотлардан фойдали хулосалар чиқариш, бу орқали бизнес, тиббиёт, фан ва бошқа соҳаларда қарорлар қабул қилишга ёрдам берувчи соҳа.

Биотехнологлар ва ген муҳандислари: тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати каби соҳаларда генетик тадқиқотлар асосида янгиликлар яратадилар.

ВР/АР дизайнерлари: виртуал ва кенгайтирилган реаллик технологияларининг ўсиши бу мутахассисликка катта талаб туғдирмоқда (масалан, таълим, тиббиёт, ўйинлар саноатида).

Атроф-муҳит муҳандислари (эко-инженерлар): иқлим ўзгариши, ифлосланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш — булар ХХI аср экологик муаммоларидир. Уларни ечиш учун янги мутахассислар керак.

Замон ўзгараётгани каби, инсоннинг меҳнат майдонидаги роли ҳам ўзгариб бормоқда. Энди касб танлашда ота-онанинг маслаҳати ёки анъанавий йўналишларгагина суяниш етарли эмас. Бугунги ёшлар глобал бозор талаблари, технологик ўзгаришлар ва рақамли муҳит билан ҳисоблашишга мажбур. Айниқса, инсоний фазилатлар – ижодий фикрлаш, танқидий қарор қабул қилиш, мулоқот қилиш, ахлоқий масъулият каби жиҳатлар ҳар қандай технологиядан устун бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам ўз қизиқишларингиз ва кучли томонларингизни аниқланг, рақамли саводхонликни ривожлантиринг (компьютер, интернет, сунъий онг асослари), чет тилларини, айниқса инглиз тилини пухта ўрганинг. Ўрганишни тўхтатманг – «ҳаёт давомида таълим олиш» (лифелонг леарнинг) тамойили ҳар бир замонавий ёш учун зарур, бугун танлаган касбингиз сизнинг эртанги кунингизни белгилайди. Тўғри йўл танласангиз, нафақат жамиятга фойда келтирасиз, балки шахс сифатида ҳам тўлақонли бахтли ҳаёт кечирасиз.

Ойшахон Қодиржонова,
Наманган давлат чет тиллар институти Тил ва таржима факультети,
Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили йўналиши 1-босқич талабаси.