Энди давлат гранти ва стипендиялар ҳар ўқув йилида айланма шаклда, муносиб талабанинг ўзлаштиришига қараб белгиланади

Хўш, бунинг тартиби қандай?

Бундан 7-8 йил илгари мамлакатимизда олий таълим муассасалари саноқли бўлгани, бори ҳам давлатга қарашли экани, хусусий ОТМлар йўқлиги туфайли талаба бўлиш ниҳоятда қийин, таълим йўналишидаги бир ўринга камида 30 нафаргача номзод тўғри келар эди. Натижада аксарият ёшлар бошқа давлатлардаги ўқитиш сифати кафолатланмаган ОТМларга ҳужжат топширар, салмоқли маблағ чет элга чиқиб кетарди.

Бугун юртимизда 200 дан ортиқ давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Ҳозир уларга ўқишга кириш ихтиё­рий ва жуда осон. Бироқ шунга мос равишда таълимнинг сифатига эътибор ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг бу йил 10 мартдаги “Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам ОТМларда ўқитиш сифатини ошириш ва жамиятда ижтимоий фаол ёшлар қатламини пайдо қилишга қаратилган. Энди давлат гранти ва стипендиялар ҳар ўқув йилида айланма шаклда, муносиб талабанинг ўзлаштиришига қараб белгиланади. Хўш, бунинг тартиби қандай?

Қарор билан тасдиқланган низом таълим грантларини иккинчи ва ундан кейинги курс­ларда юқори академик ўзлаштириш кўрсаткичига эришган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ижтимоий фаол талабалар ўртасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш ҳамда қўшимча грант тақдим этиш тартибини белгилайди. Эътиборингизни унинг моҳиятини ёритувчи, жараёнларни ҳаракатга келтирувчи иқтибослар, механизмларга қаратмоқчимиз.

  • Таълим грантининг базавий сони — олий таълим ташкилотининг тегишли бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) кириш имтиҳонлари натижасига кўра, давлат гранти асосида 1-курсга талабаликка тавсия этилган абитуриентлар сонига тенг грант ўрни;
  • Таълим грантига талабгор — олий таълим ташкилотининг таълим гранти ажратилган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича иккинчи ва ундан кейинги курсларда таҳсил олаётган, таълим грантини қайта тақсимлашда иштирок этиш истагини билдирган талаба;
  • Тўлиқ таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажати давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим гранти;
  • Тўлиқ бўлмаган таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-контракт ­суммасининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти;
  • GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати;
  • Қўшимча давлат гранти — олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида муайян ўқув йили якуни бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги талабаларнинг навбатдаги ўқув йили учун ўқитиш харажати давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган грант;
  • Олий таълим ташкилоти гранти — молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари томонидан уларда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олувчи белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлганда, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисмини ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланадиган грант.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи ­Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS — Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими орқали шакллантирилади. Бунда ­талабаларнинг GPA кўрсаткичи юздан бир улушда ҳисобланади.

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичини ҳисоблаб чиқиб, мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳолайди ҳамда тегишли баёни билан расмийлаштиради. Бунда талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи талабаларнинг GPA кўрсаткичини “16” сонига кўпайтириш орқали аниқланади. Нега айнан “16”? Талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлашда энг юқори ўзлаштириш мумкин бўлган GPA — 5 балл. Қарор низомига кўра, ­ 80 балл 5 га бўлинса, 16 сони келиб чиқади.

Биринчи босқичда талабанинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи (80 балл) таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати (16 сони)га кўпайтирилади.

Иккинчи босқичга кўра, қарор низомининг 2-иловасида талабанинг ижтимоий фаоллиги учун 20 балл ажратилган. Хўш, 20 балл қаердан пайдо бўлди деган савол туғилади. Нега ижтимоий фаоллик учун 20 балл? Юқорида келтирилганидек, талабанинг академик ўзлаштириши умумий 100 баллдан 80 баллгача баҳоланади. Қолган 20 балл 100 баллни таълим олувчининг дастур бўйича энг юқори кўрсаткичи — 5 баллга бўлиш орқали вужудга келади.

Масалан, талабанинг академик ўзлаштириши кўрсаткичи, яъни GPA 5 балл бўлса, натижа — 5х16=80. Агар GPA 4,20 бўлса, натижаси — 4,20х16=67,2 келиб чиқади. Талабанинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи — энг юқори балл 20 бўлса, бунинг натижаси — 20:5=4. Ёки талабгор ижтимоий фаолликда ўзлаштирган балл 18 бўлса, 18:5=3,6 бўлади.

Ижтимоий фаоллик ўзи нима? У қандай баҳоланади? Бу савол бугун кўплаб талабаларни қизиқтирмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низомда келтирилганидек, ижтимоий фаоллик учун 100 балл берилади. Бунда талабанинг китобхонлик маданияти — 20 балл, “5 муҳим ташаббус” доирасидаги тўгараклардаги фаол иштироки — 20 балл, академик ўзлаштириши — 10 балл, университет ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши 5 балл тизимида баҳоланади. Шунингдек, халқаро, рес­публика, вилоят миқёсидаги кўрик-танлов, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришган натижалари — 10 балл, дарсларга тўлиқ ва кечикмай келиши — 5 балл, “Маърифат дарслари”да фаол иштироки — 10 балл, волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллиги — 5 балл, театр ва музей, хиёбон, тарихий қадамжоларга бориши — 5 балл, спорт билан шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши — 5 балл ҳамда маънавий-маърифий соҳага оид бошқа йўналишлардаги фаол­лиги учун 5 балл берилиши белгиланган.

Низомга кўра, бакалавриат таълим йўналиши бўйича таҳсил олувчи, белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлса, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисми молиявий мустақиллик берилган ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан қопланади.

Барча олий таълим муассасалари талабанинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичини жамоа­вий келишилган ҳолда амалиётда қўллайди. Бунда талабанинг манзилли ва саъй-ҳаракатларини тўғри йўналтириши учун муассасалар раҳбариятлари томонидан пухта ўйланган дас­тур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Азизбек ОМОНОВ,
доцент

Манба:yuz.uz