Наманган вилоятидан «Ҳаж-2025» дастури доирасида илк парвоз амалга оширилди

Бугун, 2025 йилги ҳаж мавсуми доирасида Наманган халқаро аеропортидан муқаддас Ҳаж сафарига илк парвоз амалга оширилди. Ушбу авиақатнов Саудия Арабистонининг «Flynas» авиакомпаниясига тегишли Airbus А-330 ҳаво кемасида бажарилиб, 430 нафар зиёратчи Мадина шаҳрига жўнаб кетди.

«Ҳаж-2025» дастури доирасида жорий йилда Наманган халқаро аеропортидан жами 20 та авиақатнов амалга оширилиши режалаштирилган. Бу рейслар орқали Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидан бўлган зиёратчилар Саудия Арабистонига етказилади.

Расмий маълумотларга кўра, «Ҳаж-2025»дастури асосида Наманган халқаро аеропорти орқали умумий 5083 нафар зиёратчининг жўнаб кетиши кўзда тутилган. Шундан 1684 нафари Наманган вилоятига тўғри келади, улар орасида 1647 нафар зиёратчи, 34 нафар гуруҳ раҳбари ва 3 нафар хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳ аъзоси мавжуд.

Авиақатновлар «Flynas», «Flyadeal» ва «Uzbekistan Airways» авиакомпанияларининг Airbus 330, Airbus 320 ҳамда Boeing 767 турдаги замонавий самолётлари орқали амалга оширилади.